Аслида бўлинишнинг эмас, бирлашувнинг омилига нима бўлди?

Аслида бўлинишнинг эмас, бирлашувнинг омилига нима бўлди?


Воқелик тафсилотлари

Ҳар бир даврнинг ўзига хос тафсилотлари бўлади. Мазкур тафсилотлар бирлашиб, воқелик манзарасини ҳосил қилади. Бу манзаранинг ичида муаммоли масалалар ҳам бўлади. Газак олган яра сингари жамият танасини оғритиб, руҳини хаста қилиб турадиган бундай масалалар ўз вақтида муолажа этилмаса, кўплаб нохушликларга сабаб бўлади.

Табиблар биладики, ярага малҳам излаш жараёни унинг – яранинг келиб чиқиш сабабини, турини, уни юзага келтирган омилларни ўрганишни тақозо этади. Булар ўрганилмаса, муолажани тўғри белгилаб бўлмайди.

Мавжуд воқелигимиз юзага келтирган шундай масалалардан бири – имом-хатибларга бўлган муносабат. Аслида бўлинишнинг эмас, бирлашувнинг, дўстлашишнинг, юксалишнинг омили бўлмоғи лозим бўлган масдар воқеликда тез-тез мусулмонларнинг ўртасига совуқчилик тушишига ва ҳатто икки мусулмоннинг адоватлашишига олиб келадиган бўлди.

Мусулмонлар аро бундай ўзаро адоват ниҳоятда ёмон эканлигини муқаддас масдарлардан билганимиз ҳолда мазкур «яра»нинг ўша – келиб чиқиш сабаби, тури, уни юзага келтирган омилларини ўрганишга уриниб кўрамиз.

Келиб чиқиш тарихи

Имом (араб. إمام‎ — олдинда турувчи). Дастлаб бу ном омма мусулмонлар томонидан илми ва тақвоси ила эътироф этилган, пешво бўлишга ҳамда жамоат намозини олиб боришга муносиб кўрилганларгагина ишлатилган.

Дастлабки имом Пайғамбар – Муҳаммад алайҳиссалом бўлганлар. У киши Аллоҳ таолонинг иродаси ила мусулмонларга имом бўлганлар. У зот ҳаётларининг охирида, бетоб бўлиб қолганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бу вазифани топширганлар. Чекка вилоятларда эса имомликни волийлар бажарган. Жума кунлари волийлар маъруза (хутба) ҳам қилишган. Шу тариқа икки нарса:

  • ишбошилар муносиб – олим кишилардан бўлиши,
  • ишбошилар билан мусулмон жамоатининг бевосита мулоқоти, кўз кўзга тушиши, бирга ибодат қилиши, кенг маънода умматнинг бирдамлиги таъминланган.

Аббосийлар халифалиги даврида (749—1258 йиллар) жамоат намозларини ва хутбаларни махсус тайёрланган кишилар ўтказа бошладилар. Уларни «имомлар» дея атай бошлашди. Айтиш мумкинки, мазкур тадбир пировардида ишбошилар ва жамоатнинг ўзаро мулоқоти камайишига, узоқлашишига олиб келди.

Яна бир жиҳат – иқтидор вазифадорлик, масъулиятдорлик, халққа хизмат қилиш эмас, балки ҳукмдорлик – валиаҳдлик кишининг сиймосига битилганлик деб қарала бошланди.

Кейинроқ иқтидорга келиш эътироф билан, яъни демократик йўл билан эмас, балки меросни қабул қилиш йўли билан бўладиган бўлди. Жамият эса онгли организм эмас, балки қисматини бошини қуйи солиб қабул қилиб олувчи тарқоқ оммага айланди.

Шу билан бирга, воқеликни эгри қабул қиладиган, ҳақларни танимай қолган, дахлсизлиги «таъминланган» ҳукмрон тоифа юзага келди ва, табиийки, маъсиятни одатга айлантиришга мойил бўлди. Кейинчалик...

Кейинчалик

Ҳолат ривожланиб имомлар куллияси (институти) юзага келди. У бир томондан дин ғамида бўлган уламолар учун аҳамият касб этган бўлса, бошқа тарафдан иқтидор эгалари учун ўз мавқеларини мустаҳкамлаш йўлида оммага таъсир этиш, уни бошқариш воситасига айланди. «Икки ўт» орасида қолган мазкур куллия намояндалари ҳар ким ўз тақдирига битилганича бирлари кўпроқ, бирлари камроқ дин фойдаси учун хизмат қилишди, дин аҳкомларининг яшаши учун омил бўлишди.

Ҳар бир нарсани тарозига солиб фойда-зарарни ўлчаш истеъдодига эга бўлган аҳли донишманд имом-хатиблар ҳимоясида туриб келдилар – баъзи вакиллари йўл қўядиган камчиликларга кўз юмишни тарғиб қилиб келдилар.

Инқилоб

Ислом динининг фундаментал асосларидан бўлмиш демократик тамойиллардан узоқлашиш оқибатида юзага келган парокандаликнинг меваси – умматнинг мутлақо ожиз бўлиб қолгани. Ожизлар эса албатта ўлжа бўлиши – табиий ҳол. Шу тариқа, мусулмон ўлкаларидан баъзилари бу тарафга, баъзилари у тарафга таслим бўлдилар, қарамликка юз тутдилар.

Бизнинг юрт ҳам ўз насибасини олмай қолмади – кучлиларнинг бирига таслим ва қарам бўлди. Даҳрий тузум остида қолган заминимизда Ислом дини қатағонга учради, исломий тушунчалар халқ онгидан бирмунча қувғин қилинди. Ўзини мусулмон санайдиган, аммо дини ҳақида оз бўлсада тўғри тасаввурга эга бўлмаган авлод юзага келди.

Мустақиллик

Даҳрий тузумдан халос бўлиш ўзгача воқеликни юзага келтирди. Даъват ва ибодатга йўл очилиши асносида жаҳолат қоронғусига нур кира бошлади, ҳаққа ташна ҳалқ масжидларни тўлдира бошлади.

Аммо, айнан шу лаҳзада даҳрий тузум томонидан қатағону қувғинга учраган, намояндаларини йўқотиб янгилари парвариш қилинмаган, тинкаси қуриган имомлик куллияси вазият тақозо қилган талабни, албатта, бажаролмасди. Қийин ҳолатда халққа зиё улашиб келган самимий илм эгалари камчиликни, илм ва истеъдоди кам бўлганлар эса кўпчиликни ташкил этарди. Бу ҳолатда омманинг бир қисми ўзгача таъсирларга учраши табиий эди. Шундай бўлди ҳам. Маънавий қафасдан янги чиққан кишиларнинг чанқоғини қондириш учун уларнинг барча саволларига жавоб бера оладиган ҳамда, янада муҳимроғи, уларга ёрқин ўрнак бўла оладиган имомлар-хатиблар керак эди.

Айни дамга келиб

Ҳозирда ижтимоий тармоқлардаги ва ўзаро суҳбатлар мавзуларидан бири – у ёки бу имомнинг сўз ва қилмишлари муҳокамаси. Мазкур мавзу, ҳали айтганимиздек, мусулмонларни бир миқдорда парчалаб қўйди. Бир тараф ўтган уламоларнинг муносабатини далил қилиб, имомларни муҳокама мўлжалига айлантириш мумкин эмаслигини, уларнинг камчиликларини ошкор қилмасликни, бу омманинг динга рағбатини сўндиришини айтиб ўзга тарафни сўкишмоқда. Акс тараф бу гапдан қониқиш ҳосил қилмай «ислоҳ истаймиз» шиорини, «бизга ўрнак бўлишсин» деган даъвони олдинга суришмоқда. Мусулмонлар ўртасида ҳосил бўлган бундай зиддият, икки тарафнинг ўртасида жарлик пайдо бўлиши ўта салбий ҳолат бўлиб, ислоҳи қимматлидир.

Тарози

Ўтган уламолар маълум муносабатни илгари суришдан аввал ўз замоналари воқелигидан келиб чиқиб, фойда-зарарни тарозига солиб кўрганлар. Танлаш қийин бўлганда дин ва умматга фойдаси кўпроқ, зарари камроқ тарафни олганлар.

Аввало, у даврларда омма мусулмонларнинг диний билимлари ҳозиргига нисбатан бирмунча юқори бўлгани, қарашларда турланиш деярли бўлмагани, муросага келиш қобилияти юқори бўлгани, кўплаб ҳақиқатлар ўз-ўзидан тушунилиб кетилганининг эътибори олинган. Имом-хатиб намунали ахлоққа эга бўлмаган тақдирда ҳам, омма диний аҳкомлардан хабардор бўлгани боис, бу ҳолатга унчалик парво қилинмаган. Таъбир жоиз бўлса, у давр мусулмонини ёш жиҳатидан улғайган, кўп нарсани тушуниб қолган кишига ўхшатиш мумкин.

Даҳрий тузумдан эндигина чиққан ҳозирги мусулмонни эса кўпроқ ҳали ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўхшатсак тўғри бўлади. Ёш болалар эса, биламизки, ўрнакка, намунага муҳтожлиги бор. Ёш бола намуна сифатида унга кўрсатилган сиймони синчковлик билан ўрганади ва ундан қониқиш ҳосил қилмаса инжиқлиги тутади, исён қила бошлайди, муросага кўнмайди. Онгсиз равишда ўзига ёқадиган намунани излайди.

Жаноби воқелик

Мазкур мулоҳазалардан келиб чиқиб, биз ҳозирда ўзгача воқеликка дуч келганимизни эътироф этмоғимиз лозим. Жаноби воқелик бизга унинг эътиборини қилишни буюрмоқда. Ҳар бир имом-хатиблик мақомидаги киши жамоатга ўрнак бўла олишга тиришмоғи ўзгача аҳамият касб этмоқда. Зуҳд, тўғрисўзлик, синиқлик, камтарлик, гўзал муомала – буларни қавм имомларда кўришга ҳозирда эҳтиёжи баланд эканлиги боис ҳам айнан шу жиҳатларни ўзда ҳосил қилиш улкан масъулиятга айланмоқда. Масъулиятни ҳис этолмаганлар бу мақомдан четда туришлари лозим бўляпти, зеро кеча мумкин бўлган ҳолат бугун асло мумкин бўлмаган кунда яшаяпмиз.

Кўп миллионли ўзини мусулмон санаган, аммо динини билмаган аҳоли ҳолатидамиз. Бу аҳолига нафақат билим улашиш, балки намуна бўлиш фавқулодда аҳамият касб этмоқда.

Дахлсизликнинг зарарлари

Ахлоқий тизимида жиддий камчилиги мавжуд бўлган имом-хатиб ҳозирги ҳолатимизда кўпчиликнинг дин ҳақидаги тасаввурига футур етказади, парокандаликни келтириб чиқаради. Инчунун, бундай ҳолатни хаспўшлаш парокандаликни янада қувватлаш бўлади. Дахлсизлик ҳисси ўзни тузатишга бўлган уринишларнинг томирини кесади, тузалиш йўли устига ўтиб бўлмас деворни ҳосил қилади, ғулувга кетказади. Бу дегани, дахлсизлик қўрғонини яратиш унинг ичидаги кишига нисбатан айни бешавқатлик қилиш, деганидир. Ислом меҳр-муҳаббат динидир.

Хулоса

Хулқи аъло, ихлосли, тамадан йироқ имом-хатиблар доим бўлган ва улар элнинг меҳри ва ардоғига сазовор бўлиб келган. Ҳеч замон уларга ҳеч бир эътироз қаратилмаган. Мусулмонлар ўртасида зиддиятга сабаб бўлаётган, орасини ажратаётган феномен айнан ўзнинг устидан ишламаслик, масъулият кўламини ҳис этмаслик, дахлсизлик ҳиссига берилиш иллатидир. Ва бу иллатни эътироф этиш, миллионлаб диндан йироқда бўлиб келаётган омманинг ҳолига ачиниш, ислоҳини исташ зиддиятга киришган икки тараф мусулмонларнинг бирлашуви учун омилдир.

Шокир Шарипов

Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.