Молия вазири: Ўзбекистон ЯИМ 2019 йилда 5,4 фоизга ўсиши кутилмоқда

Молия вазири: Ўзбекистон ЯИМ 2019 йилда 5,4 фоизга ўсиши кутилмоқда


Ўзбекистоннинг келаси йилда Ялпи ички маҳсулоти ўсиши ҳажми 5,4 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. 2018 йил якунларига кўра, бу борадаги рақам 5-5,2 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, келгуси йилда прогноз кўрсаткични таъминлаш учун барча ишлар қилинади.

“Бизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро экспертлар нигоҳида, дейиш мумкин. Шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистонда 2018 йил якунлари ижобий бўлиши кутилмоқда. Мисол учун, бу йил маҳаллий бюджетлар ҳисобида 5,4 трлн сўм маблағ қолади. Бу умуман тарихда бўлмаган, шу вақтгача кузатилмаган ҳодиса.

Иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида гапирганда, албатта ялпи ички маҳсулот ўсиш ҳажмини айтиб ўтишимиз керак. Бу жорий йилда 5-5,2 фоиз бўлиши кутилмоқда. Келгуси йилги прогнозлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ЯИМ ҳажми 2019 йилда 5,4 фоизга ўсишини прогноз қиляпмиз ва бу натижага эришиш учун тегишли ишлар амалга оширилмоқда”, - деди Жамшид Қўчқоров.

У ислоҳотлар хусусида фикрларини билдирар экан, собиқ иттифоқ республикаларининг аксарияти нархларни эркинлаштириш каби ислоҳотларни ўтган асрнинг 90-йилларида амалга ошириб бўлгани, ўша даврда бу осонроқ кечганини таъкидлади. Шунинг баробарида Ўзбекистонда нархларни эркинлаштиришда асосий эътибор фуқароларнинг турмуш даражаси пасайиб кетмаслигига қаратилаётганини қайд этди.

“Ислоҳотларни амалга оширишда асосий мақсад аҳоли яшаш даржасининг кескин пасайиб кетмаслигини таъминлашдир. Яъни, иш ҳақини ошириш бўладими, тарифларни ошириш бўладими, асосий эътибор одамларнинг турмуш даражасига қаратиляпти.

Мисол учун, 15 ноябрдан электр энергияси корхоналар учун 45 фоизга қимматлашмоқда, аҳоли учун 10 фоиздан камроққа ошмоқда. Келаси йил 1 январдан эса, бюджет ташкилотларининг энг кам иш ҳақи олувчи ходимлари маошлари 5-15 фоизга оширилмоқда. Негаки, кам ойлик олувчи кишиларда йирик миқдорда маош олувчиларга қараганда коммунал харажатлар улуши катта бўлади. Шу сабабли ойлик маошларни манзилли оширишга қарор қилинди”, - деди Жамшид Қўчқоров.

Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.