Молия вазири қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар самараси нимадан иборат бўлганини билдирди

Молия вазири қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар самараси нимадан иборат бўлганини билдирди


Жорий йилда қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, боқиманда қарздорлик, дебитор-кредитор қарздорлик ҳажми пасайган. Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров ўтган 2 йилда иқтисодиётда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари хусусида сўз юритар экан, уларнинг ижобий натижаси шу йил якуни ва келаси йил якунида кўзга ташлана бошлашини билдирди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар қилмоқда.

“Жорий йилда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларни қисқача ёдга олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўтган йил сентябрда валюта либерализациясига эришилди. Бу йилдан қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар бошланиб, пахта ва ғалла харид нархлари сезиларли юқори даражада оширилди. Нон нархи эркинлаштирилди. Қолаверса, ноябрнинг 15-санасидан бошлаб, энергия ресурсларининг нархлари ошириляпти.

Шулардан келиб чиқиб, ислоҳотлар натижаларининг айримлари бу йил якунида, баъзилари келгуси йили ўз самарасини кўрсатади.

Мисол учун, қишлоқ хўжалигида нарх-наво сиёсатининг ижобий томонга кескин ўзгариши ҳақида гапирадиган бўлсак, авваламбор, бу иқтисодиётда ҳисоб-китоблар интизомининг яхшиланишига олиб келди, корхоналарнинг боқиманда қарздорлигини камайишига асос бўлди. Дебитор-кредитор қарздорлик кўрсаткичлари пасайди. Бу умуман маҳаллий ва давлат бюджети ижросини ижобий таъминлаш имконини берди”, - деб ҳисобламоқда Молия вазири.

Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.