Ўзбекистонлик зиёратчилар Умра амалини қулай шарт-шароитларда адо этишмоқда

Ўзбекистонлик зиёратчилар Умра амалини қулай шарт-шароитларда адо этишмоқда


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилдан эътиборан юртимиздан Умра амалини адо этиш учун борадиган фуқароларимизнинг сонига нисбатан чекловлар олиб ташланди ҳамда ҳамюртларимиз энди аввалгидек йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра зиёратига боришлари мумкин бўлди.

Авваллари муборак сафарга бориш учун йиллар давомида навбатда турилар, муқаддас зиёратни амалга ошириш учун юртдошларимиз жуда катта қийинчиликларга дуч келар эдилар.


Ҳозирда эса Умра сафарига борган юртдошларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Pullman Zamzam Madina Hotel” ва Макка шаҳрида 4 юлдузли “Al Kiswah Hotel Towers” меҳмонхоналарида икки кишилик хоналарда истиқомат қилишмоқда. Авваллари эса тўрт кишиликдан ўн икки кишиликкача бўлган хоналарда ҳам туришган. Уларга тажрибали ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда юртимиздан борган моҳир ошпазлар ҳам хизмат кўрсатмоқдалар.




Ушбу меҳмонхоналар икки Ҳарамга жуда яқин жойда жойлашган. Зиёратчиларни Ҳарами шарифга олиб боришлик учун куну тун давомида энг сўнгги русумдаги микроавтобуслар ташкил қилинганлиги ўз навбатида юртимиздан борган зиёратчилар беш вақт намозларини Ҳарами шарифда ўқишлари учун имкон беради деганидир.


Юртдошларимиз илгари қиммат нархларда зиёратга келган бўлсаларда, бундай шароитларда истиқомат қилишмаган.


Мадина шаҳрида юртдошларимиз пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Равзаи мутоҳҳараларида зиёрат ва ибодатларда бўлмоқдалар. Шунингдек, улар Қубо ва Қиблатайн масжидлари, Ухуд тоғи зиёратларида ҳам бўлишмоқда. Макка шаҳрида эса, Умра амалларини бажариб, Каъбаи Муаззамада ибодатларда қоим бўлмоқдалар. Шунингдек, Раҳмат тоғи (Арафот), Нур тоғидаги Ҳиро ғори, Савр тоғидаги ғор ва динимиз тарихидаги диққатга сазовор масканларни ҳам зиёрат қилмоқдалар.


Аллоҳ таоло юртимиздан борган барча юртдошларимизнинг ибодатларини Ўзи даргоҳида қабул айласин.

Нуриддин Холиқназаров,
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби.

Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.