«Иттифоқ» ва «Камалак»да сардорлар сайланади

«Иттифоқ» ва «Камалак»да сардорлар сайланади


Сардорлик мақоми ёшларга катта ишонч ва масъулият юклайди. Сардор–тенгдошларини ўзининг эзгу ғоялари, лойиҳалари ортидан эргаштириб, уларни ижтимоий фаолликка чорлай олиши лозим. Ўқувчиларни ҳаёт йўлида адашишдан қайтариб, унга тўғри йўл кўрсата олса, ҳар жабҳада ҳозиржавоб ва ташаббускорликка эга бўлсагина у чинакам сардор бўла олади. Мактабларда тенгдошлари орасида намуна бўлган, ёшларни ҳар соҳада тараққиёт сари одимлашга ундайдиган ёшларни саралаш мақсадида жорий йилнинг 7-9-ноябрь кунлари Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида «Иттифоқ» ва «Камалак» сардорларининг Республика сайлови ўтказилмоқда. Ҳар бир вилоятнинг сайловда иштирок этувчи 28 нафар сардорлари Фарғона шаҳрига йўл олишди.


«Сардорларнинг ишлаш тизимига янгича ёндашиш пайти келди. Сардорлар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда мавжуд муаммоларни ечишга эътибор қаратиши даркор. 1-гуруҳ муаммони аниқласа, 2-гуруҳ муаммога ечим топиб, уни лойиҳалаштиради. 3-гуруҳ лойиҳани амалга ошириш билан шуғулланса, 4-гуруҳ амалий ишларни умумлаштириб боради. Умуман олганда, сардорларнинг фаолиятини такомиллаштириш уларнинг ишлаш самарадорлигини белгилаб беради», – дейди «Камалак» болалар ташкилоти бўлим мудири Дурдона Раҳимова.


Иштирокчилар Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида тантанали кутиб олиниб, дастур асосида Марғилон шаҳрида бунёд этилган Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғига саёҳат қилишди. Буюк алломаларга бешик бўлган Марғилонга қадам қўйган ёшлар ўзбек адабиётнинг забардаст шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Сардорлар Ижодкорлар боғида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб фаолияти ва у ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.



«Сардорларни сайлаш жараёнида улардаги иқтидор ва етакчилик қобилиятига алоҳида урғу бериш керак. Шижоат ва ташаббускорлик ёшлар билан ишлашда энг асосий омил бўлади», — дейди Тошкент шаҳар сардори Жасмина Қодирова.

Тадбирлар давомида сардорлар йиғилиши ташкил қилиниб, унда ҳудудлар бўйича йил давомидаги сардорлик фаолияти сарҳисоб қилинди. Сардорлар Кенгашида йўл қўйилган камчиликлар ва мавжуд муаммолар муҳокама этилди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган мулоқотда сардорлар фаолияти давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ўртага ташланиб, уларни бартараф этиш йўллари хусусида фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.


«Аслида сардорлар фаолиятидаги камчиликларни тўлдириш қуйи тизимга узвий боғлиқ. Синф сардорлари ва мактаб сардорлар фаоллиги ва ҳудудий Кенгашларнинг сардорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаши орқали тизимда самарадорликка эришилади», — дейди Жиззах вилояти «Камалак» сардори Дилшод Самадов.

Тадбирлар сўнгида сардорлар ўзларининг камчиликларини мушоҳада қилиб кўриш имкониятига эга бўлди.

«8-9 ноябрь кунлари энг сара, интилувчан,ўз ғоялари ва лойиҳалари атрофида барча тенгқурларини бирлаштира оладиган ёшлар сардорликка сайланади. Албатта, «Иттифоқ» ва «Камалак» да муносибларгина сардор бўлади. Биз ёш сардорларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз», дейилади ташкилот матбуот хизмати хабарида.








Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.