Тиббиёт ходимларининг маоши икки босқичда оширилади — Президент қарори

Тиббиёт ходимларининг маоши икки босқичда оширилади — Президент қарори


Ўзбекистон Республикаси президентининг “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор матнига кўра, давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, юксак профессионал кадрлар салоҳиятини шакллантириш мақсадида —

Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан — 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан — 1,15 баравар босқичма-босқич оширилиши кўзда тутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда халқаро тажрибани ўрганиш асосида 2019 йил 1 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича қуйидагиларга йўналтирилган таклифларни киритади:

  • давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг лавозимига ва малакасига, кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг мураккаблик ва жавобгарлик даражаси, шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари ихтисослигига қараб базавий лавозим маошларини жорий этиш;
  • тиббиёт ходимлари фаолиятини ва меҳнати унумдорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини, шу жумладан, даволанган беморлар электрон статистикасини босқичма-босқич татбиқ этиш ва беморлар ўртасида онлайн сўровлар ўтказиш орқали жорий этиш;
  • тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш, улар бажарадиган ишлар сифати, эришиладиган натижалар ва кўрсатилган тиббий хизматларга жамоатчилик томонидан берилган баҳоларга қараб уларга ҳақ тўланишини таъминлаш;
  • тиббиёт муассасалари раҳбарларига алоҳида ўрнак кўрсатган врачларга Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқини бериш.

Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари куни нишонланади. Ўзбекистон Республикасининг “Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги 2006 йил 12 сентябридаги Қонунига кўра, медицина соҳаси ходимлари касб байрами ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланади.

Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.