Қозоғистонда эркак дафнидан 2 ой ўтиб уйига қайтиб келди

Қозоғистонда эркак дафнидан 2 ой ўтиб уйига қайтиб келди


Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида яшовчи эркак гўёки унга тегишли бўлган мурда дафн этилгандан 2 ой ўтиб уйига қайтиб келди.

Эркак уйидан 20 июнда чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. У аввал ҳам баъзида огоҳлантиришсиз кетгани сабабли, яқинлари ҳуқуқ-тартибот идораларига июль ойидагина мурожаат қилишган.

Маълум вақтдан кейин эркакнинг оила аъзоларини ўликхонага чақиртириб, бир жасад кўрсатилган. Жасад чириб кетгани сабабли уни таниб бўлмаган, бироқ генетик экспертиза мурда 99,92 фоизга эркакники эканлигини кўрсатган. Сентябрда эркак “дафн қилиниб”, оиласига ўлганлик ҳақидаги гувоҳнома берилган.

“Эркакнинг яқинлари у қидирувда бўлганда тўланган пенсияни давлатга қайтариб беришган”, деб айтилган хабарда.

Бироқ октябрь охирида “марҳум” кутилмаганда уйига қайтиб келган. У ёзда бозорда бир киши билан танишгани, у киши уни вилоятдаги деҳқон хўжаликларидан бирида ишлашга кўндирганини маълум қилган. Эркак 4 ойдан кейин уйига қайтишга қарор қилган.

Энди эркакнинг яқинлари генетик экспертизани ўтказган мутахассисларни судга беришмоқчи.


Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.