Ўзбекистонда илк бор экологик гулчанг қопқонлари ўрнатилди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон тарихидаги илк иккита сўнгги авлодга мансуб экологик гулчанг қопқонлари ўрнатилди. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар бермоқда.



Фото: «Podrobno.uz»

Қурилма InnoWeek халқаро инновация ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Вена тиббиёт институти ҳамкорлигида ўрнатилди.

Шу вақтгача аллергиядан азият чекувчи ўзбекистонлар ҳавода гулчанглар пайдо бўлганидан аллергик реакциялар юз берганидан сўнг хабар топарди. Энди гулчанг мониторинги аллергия мавсуми қачон бошланишини олдиндан прогноз қилиш, ўз навбатида касаллик авж олиши ҳақида огоҳлантириш имконини беради.

«Қопқонларга тушган гулчанглар микроскоп ёрдамида текширилади, текширувлар эса ўпкага тушиши мумкин бўлган гулчанг ҳақида тўлиқ маълумот беради. Таҳлил натижалари 2019 йилдан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтида мунтазам эълон қилиб борилади. Гулчанг қопқонлари ёрдамида олинган маълумотлар асосида шифокорлар мавжуд аллергия қўзғовчилар доирасини қисқартириш, бу эса ўз навбатида турли кераксиз таҳлиллар учун вақт ва маблағ сарфламаслик ҳамда аниқ ташхис қўйиш имконини беради», — деди вазирлик вакили.

Ҳозирча гулчанг қопқонлари Тошкентнинг икки нуқтасига — Мирзо Улуғбек туманидаги Инновацион клиникага ва Олмазор туманидаги Илғор технологиялар марказига ўрнатилган.

Манба: Daryo.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.