Туркияда ИШИДга алоқадорликда гумонланиб, 7 киши қўлга олинди

Туркия полицияси ИШИД террочилик гуруҳининг аъзолари сифатида гумон қилинаётган етти кишини қўлга олди, уларнинг икки нафари Россия фуқароси ҳисобланади. Улар мамлакат марказидаги Кайсери провинциясида қўлга олинган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.



Фото: «РИА Новости»

Операция гумонланувчиларнинг уйларида амалга оширилган. Россия фуқаролари бўлган Рашид Еникеев ва Элана Рахманова ҳам гумонланувчилар қаторида.

Хабар берилишича, Еникеев терроризмда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган, сўнгги вақтларда у Сурияда ҳалок бўлган жангариларнинг аёлларини ноқонуний равишда Туркияга ўтказиш ва жойлаштириш билан шуғулланган.

Тинтув вақтида қўлга олинганларнинг террорчилик гуруҳига алоқадорлиги ҳақида гувоҳлик берувчи кўп сонли қалбаки паспортлар, рақамли ахборот ташувчилар ва ҳужжатлар олиб қўйилган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

Манба: Daryo.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.