14 ёшли Индира Ўлмасова ўсмирлар Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритди

Бугун, 11 октябрь санасида ҳам Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги Олимпия ўйинлари давом этмоқда. Мусобақа доирасида гимнастика бўйича микст мусобақалари ўтказилди. Беллашувларда Ўзбекистон терма жамоасининг энг ёш спортчиси Индира Ўлмасова (14 ёш) ҳам иштирок этди ва бронза медали соҳибасига айланди.



Фото: МОҚ матбуот хизмати

Индира Ўлмасова қуръа натижаларига кўра ўзбекистонлик афсона – Оксана Чусовитина шарафига ном олган жамоа сафида беллашувларда қатнашди. Ушбу баҳсларда спортчилар аралаш жуфтлик, трамполин, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси бўйича кураш олиб бориди. Индира билан биргаликда «Оксана Чусовитина» жамоаси сафида АҚШ, Буюк Британия, Миср, Гватемала, Швеция, Австралия, Япония, Германия, Аргентина ҳамда Грециядан ташриф буюрган спортчилар иштирок этди. Индира мусобақа давомида таяниб сакраш, брус, ходадаги ва эркин машқлар бўйича чиқиш қилди.

​Мусобақада биринчи ўринни «Симона Байлз» жамоаси эгаллади. Иккинчи ўриндан «Макс Уитлок» жамоаси вакиллари жой олишди. «Оксана Чусовитина» жамоаси эса кучли учликка якун ясаб берди.

Маълумот учун, бунгача Ўзбекистон терма жамоаси сафида Улуғбек Рашитов (таэквондо, кумуш) ва Нилуфар Ермагамбетова (дзюдо, бронза), Жайҳунбек Назаров (дзюдо, олтин) терма жамоа ҳисобига медаллар қўшиб қўйганди.

Манба: Daryo.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.