Жаҳонда атом энергетикасига инвестициялар 2017 йилда 45 фоизга қисқарди

Атом энергетикасига глобал инвестициялар 2017 йилда ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 45 фоизга камайиб, 17 миллиард долларни ташкил этди, деб ёзади «ТАСС» Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига таяниб. Камайиш, хусусан, дунёда атом электр станцияларидан воз кечиш тенденцияси ўсиб бориши натижасида кузатилган.



Фото: Shutterstock

Энергетика соҳасида инвестицияларнинг умумий ҳажми 2017 йилда 1,8 триллион долларга тенг бўлган (пасайиш — 2 фоиз). Минерал ёқилғидан фойдаланишга асосланган корхоналарга сармоя киритиш умуман олган, аввалги даражада қолган. Бироқ янги АЭСлар қурилишига киритиладиган инвестициялар дунё бўйича 70 фоизга тушиб кетган.

Таъкидланишича, Япониянинг «Фукусима-1» АЭСида 2011 йил баҳорида юз берган авариядан кейин кўплаб мамлакатлар атом энергетикасига шубҳа билан қарайдиган бўлди. Шундан сўнг хавфсизлик талабларининг ошганлиги атом станцияларини қуриш лойиҳаларининг жиддий қимматлашишига олиб келди, бу эса уларнинг жозибадорлигини камайтирмоқда.

Хусусан, Германия АЭСдан бутунлай воз кечишга қарор қилди, Швейцарияда референдум натижасида янги станциялар қуриш тақиқланди, Франция атом энергетикасига боғлиқлигини камайтирмоқчи.

Манба: Daryo.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.