Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистонда адибнинг асарлари саҳналаштирилди

Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон ёш томошабинлар театрида адибнинг «Асрга татигулик кун», «Чингизхоннинг оқ булути» номли асарлари асосида «Исканжа» спектакли саҳналаштирилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.



Фото: ЎзА

Саҳна асарида меҳр-оқибат, одамлар ўртасидаги муносабат, яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалаба қилиши маҳорат билан очиб берилган.

Таниқли режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдураҳмон Абдуназаров томонидан саҳналаштирилган ушбу спектакл муаллифи ёзувчи ва таржимон Алписбай Султоновдир.

Муаллифнинг таъкидлашича, асар бундан 10 йил аввал, яъни 2008 йилда Қирғизистонда эълон қилинган «Чингиз Айтматов йили»да ёзилган. Орадан ўн йил ўтиб бу асар намойиш этилмоқда.

Айни пайтда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқий театрида режиссёр Мухтар Реймов томонидан саҳналаштирилаётган Чингиз Айтматовнинг яна бир асари «Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар» қиссаси асосида «Лувр ўрдак» спектакли премьерасига тайёргарлик кўрилмоқда.

Манба: Daryo.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.