Ўзбекистонда Глобал тадбиркорлик ҳафталиги бўлиб ўтади


Ўзбекистонда 12-18 ноябрь кунлари Глобал тадбиркорлик ҳафталиги бўлиб ўтади. Ҳафталик давомида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Қарши шаҳарларида хорижнинг етакчи компаниялари раҳбарлари, ишбилармонлари ва олий ўқув юртлари мутахассислари ёшлар ва тадбиркорларга мастер-класслар ўтишади, ўзбекистонлик ва хорижлик тадбиркорларнинг мулоқотлари бўлиб ўтади, иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича ўзаро фикр алмашинилади.

Шунингдек, тадбир доирасида стартаплар танлови уюштирилади.

Ҳафталикда Озарбойжон, Афғонистон, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Янги Зеландия, АҚШ, Тожикистон, Эстония каби мамлакатлардан вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2017 йилнинг 13-19 ноябрь кунлари Глобал тадбиркорлик ҳафталиги илк бор ўтказилганди. Ҳафталик доирасида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар, маҳаллий ва хорижий бизнес вакиллари билан учрашувлар, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тажрибали тадбиркорлар иштирокида ёш тадбиркорлар учун “маҳорат дарслари” ташкил этилганди.

Ҳафталик доирасидаги тадбирларда Россия, Иcроил, Озарбойжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатлардан 40дан ортиқ хорижий инвесторлар, бизнесменлар, маркетологлар ва малакали тренерлар иштирок этганди.

Глобал тадбиркорлик ҳафталиги истиқболли лойиҳаларни амалиётда қўллаётган, тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга туртки берадиган лойиҳаларни ишлаб чиқаётган новаторлар ва иш берувчиларга мўлжалланган халқаро тадбир бўлиб, бундай тадбирлар дунёнинг 160 дан зиёд мамлакатида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинади.


Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.