Ўзбекистонда мукофот жамғармаси тахминан 250 минг доллар бўлган «Блогерлар жаҳон чемпионати» ўтказилади

Ўзбекистонда блогерликни янада оммалаштириш, жаҳон миқёсига олиб чиқиш, Ўзбекистон имижини юксалтириш учун яқин кунларда «Блогерлар жаҳон чемпионати» ташкил этилади. Бу ҳақда «Kun.uz» мухбири Ўзбекистон мустақил оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Саид-Абдулазиз Юсуповга асосланган ҳолда хабар бермоқда.


Чемпионатда дунё бўйича исталган блогер қатнашиши мумкин бўлади. Тил масаласи бўйича чеклов қўйилмайди. Иштирокчилар «Ўзбекистон ҳақида энг яхши блог» номинацияси бўйича беллашади.

Биринчи ўрин учун мукофот пули тахминан 50 минг АҚШ доллари атрофида бўлиши, чемпионатнинг соврин жамғармаси эса 250 минг доллар атрофида бўлиши кўзда тутилган.

Миллий матбуот марказида жамоат фонди томонидан ўтказилган тадбирда интернетнинг миллий сегментини ўрганиш ва самарали ривожлантириш, мазкур соҳада фаолият юритиб келаётган ОАВ вакиллари малакасини ошириш масаласи муҳокама қилинган. Анжуманда ижтимоий муаммоларни ёритишда журналистларнинг фаол эмаслигини танқид остига олинган, электрон ОАВ фаолияти жадаллашаётгани билан бир қаторда босма ОАВ аҳолига сифатли ва тезкор ахборот етказиб бера олмаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Жамоат фонди раҳбари босма нашрларнинг энг асосий уч камчилигини санаб ўтган.

«Биринчидан, логистика (курьерлик хизмати): босма нашрлар ўқувчилар қўлига вақтида етиб бормаяпти. Иккинчидан, маркетинг бошқаруви. Учинчидан, дизайн. Ушбу муаммолар бартараф этилсагина, халқ босма нашрларни кўпроқ ўқиши мумкин. Фонд томонидан буни ҳал этиш масаласи бўйича алоҳида чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилмоқда», деган у.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелидан июнигача ўзбекистонлик блогерлар ўртасида мукофот жамғармаси 60 миллион сўмлик «Блогерлар чемпионати» бўлиб ўтганди. Бу чемпионатдан мақсад ўзбек тилида блог юритаётган барча ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ўзбекистонликларни тўплаш ва шу орқали блогерлар билан ижтимоий ҳамкорликни ўрнатиш бўлганди. 14 июнь куни ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Манба: Kun.uz

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.