Аҳмадбой: «Пулнинг ҳаммаси талон-торож бўлиб кетган»

Аҳмадбой: «Пулнинг ҳаммаси талон-торож бўлиб кетган»


Ижтимоий тармоқларда Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан жиноий иш кўриб чиқилаётган суд залидан олинган видео тарқалди. Унда А.Турсунбоев фаолиятига алоқадор айрим жиҳатларни маълум қилган.

«Фуқаролардан олган пулларни ферма ва чорвани ривожлантириш учун ишлатганман. Деҳқончилик қилганман, йилига 50, 60, баъзида 100 гектар ерда картошка экардим. Мол боқардим. Тирикчиликни мана шундай ушлаганман. Фуқароларнинг пулини «оборот» қилганман, шунинг ҳисобидан вақтида пулларни қайтариб, жой-жойига қўйиб берганман. Шу сабабдан одамлар кўпайиб кетган. Мен одамларни алдаб, қизиқтирмаганман. Уларнинг ўзи бир-бирини олиб келарди. Қандай қилиб мен фирибгар бўламан? Фирибгарлик қилиб бировнинг пулини олиб чиқиб кетдимми ёки чет давлатга чиқиб кетдимми. Топган даромадимни фақат фуқароларга тўлаганман. Ойига топган 100-500 минг долларни фақат фуқароларга тўлаганман», - деди Аҳмадбой.

Шунингдек, у одамлар валютани қандай олиб келгани ҳақида гапирган.

«Биттаси келади ва 10 минг доллар беради, 10 ойдан кейин у 20 минг доллар оляпти. 20 минг пулини кейин 40 минг, сўнг 80 минг қилиб оляпти. Тагини олиб қараганда, бир фуқаро 200-300 минг доллар фойда қиляпти-да, 20-30 минг долларга ариза ёзяпти. Мен 12 минг фуқарога пул етказиб бера олмайман. Менда пул ҳам йўқ. Эртага, бу фуқаролардан 4-5 мингга яқин одам бизга фойдага кириб кетган, ўша пуллар қайтарилса фуқароларга пул етади. Агар мен жиноятчи бўлсам, фуқаролар ким унда? Улар менга пул бериб, валюта олиб келганми? Валютани асос қилиб келтириб бера олмайди-ку. Бизга дафтарни берсин, ҳаммасини асос қилиб қўйиб берамиз. Шунинг учун мен ходимлардан ҳам, прокуратура вакилларидан, терговчилардан, судьялардан ҳам ёрдам сўраяпман. Менинг иложим йўқ, бу вазиятдан чиқа олмайман. Бу ҳазилакам пул эмас, менинг қурбим ҳам етмайди. Бу 500 минг доллар, 1 млн доллар эмас, бу 40 млн доллардан ошиқ пул. Қани у пуллар?» - дея таъкидлаб ўтди у.

Шу билан бирга, А.Турсунбоев пуллар талон-торож қилингани ҳақида айтган.

«Нега мени ўша ёпган пайтда терговчилар - мана сенинг пулларинг, мана сенинг тилланг, мана сенинг молинг, деб асос қилиб қўйиб бермади? Сабаби мени олиб бориб қамаган. Мен қаердан у пулни етказиб бераман? Пулнинг ҳаммаси талон-торож бўлиб кетган-ку. Менда кирим бўлган, фойда қилганман, яхши даромад бўлган, шунинг ҳисобидан одам кўпайган. Агар озгина даромад бўлмаса, уни торта ҳам олмайсиз», - деди Аҳмадбой.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони – 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд бўлиб ўтмоқда.

Судланувчилар А. Турсунбоев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқдалар.

Ҳозирги кунда суд тергови ўтказилмоқда. Бугунга келиб 170 дан зиёд жабрланувчиларнинг 90 дан ортиғи сўроқ қилинди.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.