Қайси сабзавотлар саратонни даволайди? Дунё давлат раҳбарларидан қайсилари энг кўп маош олади? Жаҳон матбуоти шарҳи

«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади. 

Нефть борасидаги манфаатлар кимларни бирлаштирмоқда?



Фото: Google Photos

ОПЕК бу ҳафта ўз таркибига Россия, Мексика ва Қозоғистонни қўшиб олиб, янада кучайди. Энди бу ташкилот нефть баҳосини бутун дунё бўйлаб белгилаш имконига эга бўлади. Янги нефть оиласи шу муносабат билан ҳатто шеър эълон қилди: «Ишончсизлик қолмоқда, лекин келажак яқин».

Россия ва Саудия Арабистони 22 давлат вакиллари билан биргаликда ОПЕКнинг янги низомини қабул қилди. Эндиликда бу ташкилот нефть баҳосининг пасайиб кетишига қарши барча чораларни кўра бошлайди. Bloomberg нашрининг таъкидлашича, икки йилдан бери бу мамлакатлар АҚШ нефть баҳосини пасайтиришига қарши кураш олиб бормоқда. Чунки АҚШ яқинда нефть қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи давлатига айланди. ОПЕК эса қисқариб, қазиб олиниши керак бўлган нефтнинг ярмини олмоқда.

Дастлаб янги бирлашмани вақтинчалик деб ўйлашган эди, лекин сешанба куни ОПЕК бош котиби Муҳаммад Баркиндо бу битим «католиклардаги никоҳ каби абадий» деб баёнот берди.

Бу лойиҳа 2016 йилнинг охирида, ўзаро зиддиятларга қарамасдан, Саудия Арабистони ва Россия ярим йилга нефть қазиб олишни камайтиришини эълон қилгач бошланган эди. Бу битимнинг узайтирилиши ҳақида Осакадаги G20 саммитида Россия президенти эълон қилди. Бундан олдин Путин Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад ибн Салмон билан учрашган ҳам эди. Энди навбат Путиннинг Саудия Арабистонига кутилаётган сафари давомида бошқа ОПЕК давлатлари билан биргаликда нефть картелининг янги хартиясини имзолашдан иборат.

Нефть экспорти билан шуғулланаётган давлатлар янги технологиялар асосида АҚШ тобора кўпроқ нефть қазиб олаётгани ва бу соҳада АҚШ таъсири кучайиб бораётганидан хавотирга тушиб қолган.

ОПЕКнинг халқаро майдонда заифлашиб қолиши боис Саудия Арабистони бошчилигидаги ташкилотга ўз таъсирини кучайтириш учун янги усуллар керак бўлиб қолди.

Улкан захираларга эга бўлган Россия ташкилотни қўллаб-қувватлаши айни муддао бўлди.

Мева ва сабзавотлар саратонга қарши



Фото: Google Photos

Times нашри олимлар олиб борган бир қизиқарли тадқиқот натижаларини эълон қилди. Тадқиқотларга кўра, қабул қилинган дорилар қаторида апелсин, сабзи, карам ва узум саратонга қарши курашда бир хил таъсирга эга. Улардаги молекулалар асосида бу касалликка қарши «супер таом» ишлаб чиқариш мумкин.

Олимлар 7962 биологик фаол молекулаларни алгоритм орқали текшириб кўриб, улардан 110 таси қабул қилинган дориларнинг ўрнини босиши мумкинлигини аниқлади.

Саратонни йўқ қиладиган молекулаларга эга маҳсулотларга апелсин, сабзи, узум, райҳон, укроп, карам ва хушбўй селдерей киради. Алгоритм моделлаштирилуви натижаларига кўра, бу маҳсулотлар таркибидаги молекулалар дори воситаларидаги молекулаларга бас келади. Чой ҳам саратонга қарши курашда яхшигина афзалликка эга экани кўп маротаба исботланди.

Тадқиқотчилар ҳозирча биологик фаол молекулалар концентрасияси даволаниш учун қанча миқдорда бўлиши кераклигини аниқлагани йўқ. Лекин тадқиқотлар давом этмоқда.

Ким кўп маош олади?



Фото: Google Photos

Швеция бош вазири Лёвен дунёнинг етакчи давлат раҳбарлари билан солиштирганда қанча маош олишини очиқлади, деб ёзади Nyheter24 нашри.

Швеция бош вазирининг маошини оширадиган бўлишди. Бош вазирнинг сўзларига кўра, у ҳақиқатан ҳам анча кўп маош олади. Бошқа давлатларнинг раҳбарлари-чи?

Маълум бўлишича, Владимир Путин ва Эммануэль Макрон ҳам Лёвенга нисбатан камроқ маош олар экан. Шу билан бирга, Ангела Меркель ва Дональд Трамп анча кўп ойлик олиши аниқ бўлди.

Яқинда пайдо маълумотга кўра, бош вазирнинг ойлик 172 000 крона маошига яна 4 минг крона қўшилади. Натижада бош вазир 176 минг крона маош ола бошлайди. Ўзбек сўмида ҳисобланганда бу 166 995 593 сўмига тенг қийматга эга бўлади. Унинг йиллик маоши 2 112 000 кронани ташкил этади.

Президент Трамп Лёвендан анча кўп маош олади. АҚШ президенти вазифасини бажарар экан, Трамп йилига 400 000 доллар маош олади. Президент курсисига ўтирган пайтидан бошлаб Трамп маошини турли идора ва ташкилотларга беғараз ёрдам сифатида ўтказиб келади. CNN хабарига кўра, шу йил баҳор фаслида Трамп бу маблағни Миллий хавфсизлик вазирлигига тортиқ қилган.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам Лёвендан камроқ маош олиши малум бўлди. Орбан мамлакатни 2010 йилдан бери бошқариб келади. Бошқарувнинг авторитар услубларини хуш кўрувчи Орбан 21 миллион венгр форинти миқдорида маош олади.

Россия президенти Путин Лёвендан кам маош олади. Путин мамлакатни 2012 йилдан бери бошқариб келади. Ҳозирда унинг 4-президентлик муддати кетмоқда. Дунё Путинга турлича муносабатда, лекин ҳеч ким унинг қўл остида катта ҳокимият борлигини инор қилмайди. Forbes нашри кетма-кет тўрт марта Путинни йилнинг таъсирли одами деб эътироф этган.

Euronews маълумотларига кўра, 2018 йилда Путиннинг маоши икки марта камайган. 2018 йилда Путин 8 600 000 рубль миқдорида маош олган. Бу унинг 2017 йилдаги маошидан икки баробар кам. Шу билан бирга, Wашингтон Пост нашри Путиннинг бойлигини бир неча миллиард доллар ташкил этишини ёзган эди.

Президент Макрон Лёвенга нисбатан камроқ иш ҳақи олади. Бу 2012 йилда Франция юқори мартабали раҳбарларининг маошларини анчайин камайтирилгани билан боғлиқ. Бу етмагандай, Макрон жамоатчилик фикри билан боғлиқ муаммолар юзага келишининг олдини олиш учун ўз маошининг оширилишидан бош тортди.

Connection келтирган маълумотларга кўра, Макроннинг ойлик маоши тақрибан 15 минг еврони ташкил этади (144 359 015 сўм) ва бу сумма Лёвеннинг маошидан бироз камдир.

Германия канцлери Ангела Меркелнинг канцлерлик маоши унга ойига 18 минг евро келтиради. Бу маошга қўшимча равишда Меркель хоним парламентда ўтиргани учун 4500 евро олади.

Европада аномал иссиқлик таъсирида қоладими?



Фото: Google Photos

Францияда ҳарорат 42,5 даражага кўтарилди. Синоптиклар иссиқлик янада кўтарилиб боришини айтмоқда. Бу сафарги иссиқ об-ҳаво ҳар қачонги рекордлардан ҳам ўтиб кетди. Сабаби, асфальт ва бетондан қайтаётган иссиқлик ҳарорат янада кўтарилишига олиб келмоқда, деб ёзади Washington Post нашри.

Ўта иссиқ об-ҳаво уйсизлар, кондиционери йўқлар ва кексаларга муаммо келтиради.

Ҳавонинг юқори даражада исиши, Потсдам университети профессори Стефан Рамсдернинг айтишича, «унсиз қотилдир». 2003 йилда иссиқ об-ҳаво Европада 70 минг инсонни ҳаётдан олиб кетган. «Ўтган йили Германияда ҳукм сурган иссиқ об-ҳаво минг кишини ҳаётдан олиб кетди», деб ёзади у ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Франция ҳудудининг ярмида ва Парижда хавфнинг сариқ даражаси эълон қилинди.

Германия, Испания, Дания ва Швейцарияда иссиқ об-ҳаво рекорд даражага етиши кутилмоқда.

Британия ва Ирландияда иссиқ бу қадар хавфли бўлмаса-да, одатдагидан юқори бўлиши кутилмоқда.

Ёз бошида иссиқ бу қадар юқори бўлиши икки жой сабаблидир. Улардан бири Гренландия ёнида бўлса, иккинчиси Марказий ва Шимолий Европа чегарасидир. Кейинги кунларда уларнинг юқори ҳаво босими бирлашади ва Европага совуқ ҳаво оқими олиб келадиган паст босим йўлини тўсиб қўяди. Натижада қайноқ Саҳрои Кабир чўлларида пайдо бўладиган иссиқ ҳаво Франция, Испания ва Германия ҳудудига ёйилади. Бу эса янги иссиқлик рекорди ва момақалдироқларга сабаб бўлади. Айрим жойларда иссиқлик тўлқини ҳақиқий шокка айланиши мумкин.

Ўтган йилги иссиқ ёз қурғоқчилик билан кузатилган эди, оқибатда кўплаб ўрмон ёнғинлари содир бўлган.

1500 йилдан кейин Европада энг иссиқ ёз сифатида 2018, 2010, 2003, 2016, 2002 йиллар эътироф этилган.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.