Россияда етти нафар ФХХ ходими босқинчиликда гумонланиб ҳибсга олинди

Москвада босқинчилик иши бўйича етти нафар Федерал хавфсизлик хизмати ходими қўлга олинди. Москва гарнизон ҳарбий суди улардан беш нафарининг ҳибсга олинишига санкция берган, яна икки нафари уй қамоғида, деб хабар беради Meduza.



Фото: «Коммерсантъ»

Қўлга олинган ходимларнинг лавозимлари ҳақида расман маълумот берилмади. Мавжуд маълумотларга кўра, улар «Альфа» махсус бўлинмаси, «Вимпел» махсус гуруҳи ҳамда ФХХга қарашли «К» бошқармасининг офицерлари, шунингдек, бир нафар ФХХ академияси ходими.

Судда таъкидланишича, гумонланувчиларнинг иши Россия Жиноят кодексининг 162-модда 4-қисми билан (уюшган гуруҳ томонидан босқинчилик) тергов ишлари олиб борилмоқда.

«Ведомости» нашрининг ёзишича, 10 июнь куни гумонланувчилар банкдаги депозитига 136 миллион рубль қўйиш учун келган тадбиркорга ҳужум қилган. ФХХ ходимлари ёлғон текширув ўтказиб, бизнесменнинг пулларини олиб қўйишган. Шундан сўнг, пуллар ўзлари ва маълумот етказиб турган банк хизматчиси ўртасида тақсимланган.

Шунингдек, манбалардан бирининг таъкидлашича, жиноий гуруҳ бир йилдан буён бу каби ишларни амалга ошириб келади. Жиноятлар сони 5 тадан 12 тагача бўлиши мумкин. Гумонланувчилар полковник Дмитрий Захарченконинг уйини тинтув қилиш вақтида йўқолган 100 миллион рублга ҳам алоқадор бўлишлари мумкинлиги айтилмоқда.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.