ДСҚ: «Электрон ҳисобварақ-фактуралар ортиқча қоғозбозликни камайтиради»

ДСҚ: «Электрон ҳисобварақ-фактуралар ортиқча қоғозбозликни камайтиради»


Давлат солиқ қўмитаси ҳисобварақ-фактураларининг электрон тизимга ўтказилиши жараёни тўғрисида кенг жамоатчиликка маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати

ДСҚ ахборотига кўра, Чирчиқ шаҳри, Сирдарё ва Навоий вилоятларида электрон ҳисоб-фактуралар тажриба асосида ишлатиб кўрилди.

Таъкидланишича, тизимда солиқ тўловчи тадбиркор офисдан чиқмай, буюртмачига ҳисоб-фактурани электрон шаклда юбориш имконига эга. Бунинг учун электрон рақамли имзо ва интернетга уланган компьютер кифоя.

«Энди олдинги пайтдагидек, 3-5 нусхадан қоғоз тўлдириш, деган нарсалар бўлмайди. Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳисобчиларни ҳамма нарсани папка қилиб қўйиш каби қийинчиликларини соддалаштириб ҳисоб маълумотларининг битта электрон базада сақланишига ёрдам беради», — дея маълумот берди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Туробов.

ДСҚ таркибидаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази директори Ҳаёт Насруллаевнинг сўзларига кўра, электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали:

  • Ортиқча қоғозбозликлар камаяди;
  • Транспорт харажатлари қисқаради;
  • Ҳисоблашдаги ишларнинг асосий қисми онлайн кўринишга ўтиши билан харажатлар ҳам қисқаради;
  • Ҳисобфактурадаги турли хатоликларнинг олди олинади.
  • Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактуралар тадбиркорларга ўз маҳсулоти қаерда, яхши сотилаётганлигини, қайси маҳсулотига талаб юқорилиги мониторинг қилиш имконини ҳам беради.

«ҚҚС тўловчиларининг тўғри кўрсатилиши ҳам электрон ҳисобварақ-фактуранинг афзалликларидан бири. Баъзида тадбиркор ўзининг контрагентини (бошқа бир тадбиркорлик субъекти) ҚҚС тўловчиси сифатида кўрсатиб қўяди. Бироқ агар у ҚҚС тўловчиси бўлмаса, корхона зарар кўриши мумкин.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати

Электрон ҳисобварақ-фактура дастури эса тадбиркорларнинг ҚҚС тўловчиси ёки йўқлигини маълумотлар базаси орқали аниқлаштириб беради», — дейди Ҳаёт Насруллаев.

Маълум қилинишича, ҳисобварақ-фактура тузувчи томонлар, албатта, электрон рақамли имзо орқали ҳужжатни тасдиқлаши лозим. Шунингдек, логистика билан шуғулланувчи жисмоний шахс ҳам электрон юк хатини электрон рақамли имзо билан тасдиқлаши шарт бўлади. Айни ўзгариш ва таклифлар келгуси йилдан мажбурий характерга эга бўлиши кутилмоқда.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.