Қурилиш вазирлиги мутасаддилари Самарқанддаги арзон уйлар машмашасидан ҳам хабари йўқлигини билдирди

Қурилиш вазирлиги мутасаддилари Самарқанддаги арзон уйлар машмашасидан ҳам хабари йўқлигини билдирди


Қурилиш вазирлиги Самарқанддаги уйлар билан боғлиқ муаммолардан ҳам хабари йўқлигини билдирди. Миллий Матбуот марказида Самарқанд шаҳридаги арзон уй-жойлар билан боғлиқ ҳолат, улардаги айрим хонадонларнинг майдони шартномада кўрсатилган рақамларга мос келмаслиги, бу ҳолатда харидорлар қандай йўл тутиши мумкинлиги ҳақида савол кўтарилди. Қурилиш вазирлиги мутасаддилари, Самарқанд шаҳрида ва умуман бошқа шаҳарларда ҳам давлат буюртмаси асосида қурилаётган уйларда бу каби камчиликлар бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлашди. Қолаверса, Самарқандда шундай ҳолатдан хабари йўқлигини таъкидлашди.

«Самарқанддаги ҳолатни мен эшитганим йўқ. Яна такрорлайман, ҳар бир объект лойиҳа асосида қурилади. Агар лойиҳадан четга чиқилса, техназорат қурилишни тўхтатади. 100 м2 ўрнига 95 қилиб қўйиши мумкин эмас. Бизнинг тасаввуримизда бўлиши мумкин бўлмаган иш. Сиз манзилни беринг. Биз ўрганиб чиқамиз, аммо, такрорлайман, лойиҳадан четга чиқиш мустасно», - дея жавоб берди Қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов.

Вазирлик мутасаддиси Дилшод Жалолов матбуот анжуманида давлат дастурлари ҳақида гап кетаётгани, хусусий компаниялар томонидаан қурилган ёки қурилаётган ишлар, уларнинг натижаси ҳақида мулоқот қилинмаётганини билдирди.

«Ҳозир давлат дастурлари асосида қурилаётган уй-жойлар ҳақида гап кетяпти. Шуни эътиборга олинглар. Хусусий тартибда қурилаётган уйлар билан давлат дастури асосида қурилаётган уйларни адаштирманглар», - дея қайд этди Дилшод Жалолов.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳрида «Ўзшаҳарқурилишинвест» компанияси томонидан қурилаётган уйларнинг сифатидан норозилик билдирган аҳоли билан учрашган ва мавжуд камчиликлар бартараф этилишига ваъда берган эди.

Журналист, шунингдек, Тошкентда катта ҳажмда қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабабли, шаҳарнинг канализация тизими бундай кўламдаги биноларга хизмат кўрсатишга қанчалик лаёқатли, деган савол билан ҳам мурожаат қилди. Козим Тўлаганов саволга жавоб берар экан, шаҳар канализация тармоғининг сиғими етарли эканини қайд этди.

«Тошкент шаҳрида канализация тармоғи кучи етади. Сергелида жуда катта канализация насос станцияси қурилди. Бу тизим қурилганига бир неча йил бўлганига қарамай, ишлаб турибди.

Сув масаласи ҳам шундай. Ҳозир, ТошГРЭСдан қўшимча 120 минг куб сув чиқарадиган лойиҳа устида иш олиб бориляпти. Қаердадир қувурларни кенгайтириш масалалари ҳам шу жумладан. Айни вақтда яқин 4-5 йилдаги қурилиш ҳажмига етадиган қувват бор. Зарурат пайдо бўлса, 15-20 йилдан кейин қандай бўлади, деган истиқболдаги масалалар юзасидан лойиҳа институтлар иш олиб боряпти. Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин», - деди Козим Тўлаганов.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.