МИБ мутасаддиси тизимдаги баъзи ижрочиларнинг муомала маданиятига тўхталди

МИБ мутасаддиси тизимдаги баъзи ижрочиларнинг муомала маданиятига тўхталди


Бугун, 19 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва журналистлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

«Мажбурий ижро бюроси тизимида ҳозирда 13764 нафар ходим ишлайди. Ўтган 2 йил мобайнида иш ҳажми кўплиги ва касбга оғир масъулият юклангани сабаб 5841 нафар фуқаро ишдан бўшаган. Шундан 4819 нафари ўз аризасига биноан ишдан кетган», - деди МИБ директори ўринбосари Содиқжон Бердиалиев бугунги ўтказилган учрашувда.

Шу билан бирга, айрим ижро ходимлари муомала маданияти ҳақида берилган танқидий саволларга ўз жавобини бериб ўтди.

«МИБ ташкил этилганида 1 ой муддат ичида 14 минг нафар ходимлар жамоасига эга ташкилотни шакллантирдик. Бюро ходимларининг аксарияти ёш ва тажрибасиз мутахассислардан иборат.

Тан олиш керак, баъзи ходимларимизда муомала маданияти етишмайди. Уларга ўз вақтида меҳнат қонунчилиги бўйича интизомий чора кўрилмоқда, баъзан улардан воз кечишимизга ҳам тўғри келмоқда.

Аччиқ гапни айтаман, ўша хулқи яхши бўлмаган мутахассислар ҳам ўзимизнинг фарзандлар. Бу ишчилар тизимга чет элдан келиб қолмаган. Демак, оилада шундай тарбия кўришган. Шу билан бирга бу халқимизда одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиш сусайиб кетганини ҳам англатади.

Иккинчи томондан бизнинг ишимиз пул ундириш билан боғлиқ. Бундай вазиятларда жараён кўпинча тортишувлар билан ўтади. Буни ҳам ҳисобга олишимиз керак. Баъзан иш ҳажми кўплиги ҳам уларга салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Лекин биз доим тизимимизни бундай ходимлардан тозалашга ёки уларга чора кўришга ҳаракат қиламиз», - деди МИБ бўлим бошлиғи Насимхон Бурханов.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.