Абитуриент-2019. Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун қандай янгиликлар бўлди?

Абитуриент-2019. Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун қандай янгиликлар бўлди?


Ўзбекистон Президентининг 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги қарори билан ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида квота кўрсаткичлари тасдиқланди. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев телеграмдаги каналида бу борада изоҳ берган.

Хабарингиз бор, узоқ йиллардан буён ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун тест синовларида махсус имтиёз тизими қўлланилар эди.

Унга кўра, ҳарбий тавсияномага эга абитуриентларга 2006-2011 йиллар мобайнида максимал баллнинг 25 фоизи (56,7 балл), 2012-2016 йилларда максимал баллнинг 27 фоизи (61,2 балл), 2017-2018 йилларда ўзи тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз қўлланди. Бунинг натижасида қизлар ёки тавсиянома олмаган абитуриентларнинг ҳуқуқлари ўз-ўзидан чекланар эди.

Ўтган йили сентябрь ойида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов ҳарбий имтиёз масаласи қайта кўриб чиқилишини ваъда қилганди.

Шундан сўнг, 2019 йилги Давлат дастурида ҳарбий тавсияномага эга шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов учун алоҳида квоталар ажратиш тартиби жорий этилиши белгиланди, бу ҳақида махсус қарор лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди, ва ниҳоят расман тасдиқланди ҳам.

Энди нима бўлади?

1) ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида 5 фоизлик квота белгиланди. Энди тавсияномага эга абитуриентлар энг аввало ўша квота доирасида ўзаро беллашади, ўзгаларга халақит қилмайди. Масалан, Тошкент тиббиёт академиясида 66та ўрин ажратилган, шундан 25таси грант, 41таси контракт (бу умумий рақам, йўналишларга ҳали ажратилмаган).

ТТАга жами 200 нафар ҳарбий тавсиянома олганлар топширди, дейлик. Ана шу 200 нафар абитуриентнинг тўплаган баллари аввал алоҳида ажратиб олинади ва улар орасида энг юқори балл тўплаган дастлабки 25 киши грантга, кейинги 41 нафар киши контрактга киради.

2) ушбу 200 нафар абитуриент орасидан 66та махсус квотага кира олмай қолганлар нима бўлади? Улар кейин умумий танловга қўшилади, яъни тавсияномаси йўқлар билан курашади, агар балли етарли бўлса, талаба бўлади, яъни 66талик жой тўлиб қолгани учун куйиб қолмайди;

3) бу тизимнинг яхши томони энди ҳеч кимга қўшимча балл берилмайди, ҳамма ўз билими етган баллни тўплайди. Бу дегани эндиликда максимал баллдан юқори тўплаш ҳолатлари ҳеч қачон кузатилмайди. Масалан, ўтган йили максимал балл 189 бўлса ҳам, Юридик университетда ҳарбийлар ҳисобига бюджетнинг охирги балли 223,5 бўлганди.

4) бу тизимнинг ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун ҳам фойдали томонлари бор.

Биринчидан, биламизки, тавсияномага эга шахсларнинг барчаси ҳам юқори балл олавермайди. Шунинг учун энди улар камроқ балл олиб ҳам бюджетга ёки контрактга кириши мумкин.

Тушунтираман: масалан, ТТАда оддий абитуриентлар гуруҳида грант – 165, контракт – 148 балл бўлди дейлик. Юқорида айтилганидек, ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун дастлаб алоҳида танлов бўлади. 200 ҳарбийнинг натижалари сарҳисоб қилинганда, дастлабки 25 кишининг балли паст чиқди, масалан, 130 балл. Демак, ҳарбийлар 130 балл билан грантга қабул қилинади. Контрактда ҳам худди шундай ҳолат кузатилади.

Иккинчидан, илгари тавсиянома фақат тест синовлари учун ўтар эди, ижодий имтиҳонларга имтиёз бермасди. Янги тизимда эса махсус квота ижодий имтиҳон талаб этиладиган ОТМларга ҳам берилди, масалан, Консерватория, Санъат ва маданият институти, Хореография ва ҳ.к. Бу дегани, эндиликда тавсиянома олганлар мана шу йўналишда ҳам имтиёзга эга бўлишмоқда.

Умуман олганда сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган тизим бўлибди.

Ҳарбийлар учун 5 фоизлик квота барча ОТМларда ҳам йўқ. Қуйида қайси ОТМларга тавсияномаси борлар учун қанча квота ажратилганини кўришингиз мумкин:

1) Ҳарбий тавсияномаларга эга бўлганлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича алоҳида беш фоизли қабул кўрсаткичлари

Барча ОТМ ва барча йўналишлар кесимида

Жами 4 008 ўрин
Бюджет: 908
Контракт: 3100



2) Ҳарбий тавсияномаларга эга бўлганлар учун бакалавриатнинг сиртқи таълим шакли бўйича алоҳида беш фоизли қабул кўрсаткичлари

Барча ОТМ ва барча йўналишлар кесимида

Жами 908 ўрин
Бюджет: 0
Контракт: 908



3) Ҳарбий тавсияномаларга эга бўлганлар учун бакалавриатнинг кечки таълим шакли бўйича алоҳида беш фоизли қабул кўрсаткичлари

Барча ОТМ ва барча йўналишлар кесимида

Жами 99 ўрин
Бюджет: 0
Контракт: 99


P.S.: лекин бир тушунарсиз бир ҳолат бор. Эҳтимоллар назариясига кўра, тавсияномаси бор абитуриент, алоҳида ажратиб олинган квота доирасида контрактга тавсия этилсаю, лекин унинг балли умумий гуруҳда бюджетга етарли бўлса, унда бу масала қандай ҳал этилади? Бу унга нисбатан адолатсизлик бўлиб қолмайдими? Балки бунинг жавоби аллақачон мутасаддиларда бордир, ким билсин.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.