Автомобилларга ёқилғи сотувчи барча тадбиркорлар ҚҚС тўловчисига айланиши мумкин  

Автомобилларга ёқилғи сотувчи барча тадбиркорлар ҚҚС тўловчисига айланиши мумкин  


Ўзбекистон Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳада таъкидланишича, иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда имтиёз ва преференциялар берилганини ҳисобга олган ҳолда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд бўлган номутаносибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини бермайди.

Лойиҳага кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб, бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади.

Бундан ташқари, товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари бўлиши кутилмоқда. Бунда, товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобда туриши шартлиги белгиланмоқда.

Ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин.

Календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми юз миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

Қуйидагилар 2019 йил 1 октябрдан бекор қилиниши таклиф этилмоқда:

а) қуйидагиларга нисбатан қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан импорт қилинганда:

асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;

соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;

қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

б) юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.