Гулнора Каримованинг адвокати мижозининг аҳволи яхши эмаслигини маълум қилди

Гулнора Каримованинг адвокати мижозининг аҳволи яхши эмаслигини маълум қилди


Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа твиттерида мижозининг аҳволи яхши эмаслиги ҳақида маълум қилди.

«Зангиотадан қайтяпман. Мижозимнинг аҳволи оғир. Қон босими баланд. Ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти», деган адвокат.

У ҳукуматдан бу тарзда ушлаб туриш бас қилинишини сўраган.

Грегуар Манжа апрель ва май ойларида ҳам Ўзбекистонга келган ва Зангиота тумани ҳудудидаги 21-жазони ўташ колониясида бўлганди.

Май ойи охирида адвокат мижозига тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ва унга руҳий босим ўтказилаётгани ҳақида ёзганди. Бу хабарни Ўзбекистон Бош прокуратураси рад этган ва Гулнора Каримованинг аҳволи қониқарли эканини таъкидлаганди.

Бош прокуратура март ойи бошида Гулнора Каримова жазони ўташ тартибини бузгани учун қайтадан қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.

«ИИВ Жазони ўташ бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати тақдимномаси асосида жазони ўташ талаби ва шартларини қўпол равишда бузгани сабабли жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан Г.Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг қолган қисмини жиноят-ижро қонунчилигига мувофиқ умумий режимдаги колонияда ўташ жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилди», – дейилади Бош прокуратура тарқатган хабарда.​

2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган, унга кўра Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилгани ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди.

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган.

Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган.

Ўзбекистоннинг янги ҳукумати инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда Гулнора Каримовага имкон беради ва жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилади.

Аммо шу йилнинг март ойи бошида Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилгани, шунингдек турар-жойни тарк этмаслик, алоқа ва интернет воситаларидан фойдаланмаслик каби чекловларни ҳам қўполлик билан бузгани учун уй қамоғидан умумий режимдаги колонияга ўтказилди.

Грегуар Манжа мижози Гулнора Каримова билан муқаддам икки марта — 2016 йил декабри ва 2018 йили апрелида учрашган. У 2018 йилнинг ёзида Каримова ва унинг сақланиш шароити ҳақида баъзи тафсилотларни маълум қилган, унга кўра, апрелдаги учрашуви давомида мижозининг кайфияти ўзгарувчан бўлиб қолгани, шунингдек, унинг толиққани сезилгани, қабул қилган дорилари таъсирида суҳбат давомида диққатини жамлай олмагани ҳақида ёзганди.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.