“Коррупция – адолат кушандаси” Республика иншолар танлови якунланди

“Коррупция – адолат кушандаси” Республика иншолар танлови якунланди


Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сонли қарори асосида коррупцияга қарши кураш борасидаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди.


Президент Мирзиёев ташаббуси билан бутун мамлакатда том маънода коррупцияга қарши уруш эълон қилинди, шу сабабли лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатларнинг содир этилишига қарши курашда барчанинг фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда.


Шу маънода касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўяётган 3-босқич ўқувчилари онгу тафаккурида коррупцияга қарши муросасиз кайфиятни шакллантириш, уларнинг бу иллатга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки мазкур ёшлар коллежни битиргандан кейин муайян давлат ва жамоат ташкилотларида, меҳнат жамоаларида фаолият кўрсатиши, ўз ҳаёти давомида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келиши, бу иллатнинг қурбонига ёки унинг ижрочисига айланиш хавфи бор.


Шу сабабли касб-ҳунар таълими тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмини жорий этиш мақсадида алоҳида тармоқ дастури ишлаб чиқилган ва шу асосда бир қатор ижобий ишлар ва ташаббуслар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Касб-ҳунар таълими Марказининг 2019 йил 27 майдаги 269-сонли буйруғи асосида жорий йилнинг 15 июнь куни барча касб-ҳунар коллежлари 3-босқич ўқувчилари ўртасида “Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!” шиори остида “Коррупция –адолат кушандаси” мавзусида Республика иншолар танлови ўтказилди.


Худди шундай танлов Қибрай тумани Чингелди маиший хизмат кўрсатиш коллежида ҳам ташкил этилди. Танловни ўтказишдан асосий мақсад – ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ёшларимизни давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги мавжуд коррупциядан огоҳлантириш, коррупцион ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун жазо муқаррар эканлигини чуқур англатишдан иборат.


Қибрай тумани Чингелди маиший хизмат кўрсатиш коллежида бўлиб ўтган танловда иштирок этган ёшлар Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш, барчанинг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, халқимизнинг соғлом турмуш тарзига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш борасида ўз шахсий фикрларини ижодий баён этишди.


Умуман, вилоят бўйича ташкил этилган мазкур танловда Тошкент вилоятининг 116та касб-ҳунар коллежлари 3-босқичида таҳсил олаётган 33056 ўқувчи фаол иштирок этди. Танлов доирасида ўқувчи-ёшларнинг коррупцияга қарши кураш мазмунидаги “Энг яхши плакат”, “Энг яхши сурат” номинациялари бўйича тайёрлаган ижодий ишлари ҳам намойиш этилди. Иншолар танлови ғолиблари Касб-ҳунар таълими маркази ва ҳудудий бошқармалар, шунингдек, ҳамкор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланади.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.