«Давлатимизнинг ривожланишига халал беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!» — Очилбой Раматов Нурафшонда йиғилиш ўтказди

«Давлатимизнинг ривожланишига халал беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!» — Очилбой Раматов Нурафшонда йиғилиш ўтказди


Бугун, 12 июнь куни Нурафшон шаҳрида вилоят фаоллари, масалага тааллуқли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи мобайнида берилган топшириқларнинг ижроси муҳокама қилинди, жараённинг бориши бўйича масъулларнинг ҳисоботи тингланди.

«Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ажратилган бир триллион юз миллиард сўмни тийин тийинигача мақсадли сарфлашимиз керак.

Ёғочнинг бўшини қурт ейди. Бўш бўлманглар. Айниқса, давлатнинг ерини, биносини қачондир қоп-қоп ваъда бериб кимдир олган бўлса, ҳозирги вақтда ишлатмасдан келаётган бўлса, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш керак. Керак бўлса, қўлидан иш келадиган инвесторлар топамиз. Давлатимизнинг ривожланишига халал беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Тошкент шаҳрини сув билан таъминлайдиган вилоятнинг ўзида ичимлик суви муаммо бўлса, буни қандай тушуниш мумкин?

Шунинг учун, давлат раҳбари томонидан вилоятга ажратилган маблағ, энг аввало, ичимлик суви муаммосини ҳал қилишга йўналтирилади.

Шунингдек, йўлсозлик, соғлиқни сақлаш, халқ таълими каби соҳалар ҳам республика бюджетидан ажратилган маблағни йўналтиришда устуворлик касб этади.

Бу ишларни бекаму кўст амалга ошириш учун вилоят раҳбарлари атрофига халқ, вилоят фаоллари бирлашиши керак», дея бош вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Шунингдек, маблағларнинг сарфланиши, амалга оширилаётган ишлар ҳақида халқни хабардор қилиб бориш, жараённинг устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ОАВ билан фаол ҳамкорлик қилиш тавсия этилди.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.