I Ўзбекистон-Хитой форуми: Мактабгача таълим тизимида қўшма корхоналар ташкил этиш ва кадрлар малакасини оширишга доир келишувга эришилди

I Ўзбекистон-Хитой форуми: Мактабгача таълим тизимида қўшма корхоналар ташкил этиш ва кадрлар малакасини оширишга доир келишувга эришилди


Ўзбекистон мактабгача таълим тизими фаолияти сифатини оширишда Хитой компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Бунда болалар мебелларини биргаликда ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналарни яратиш, боғча ёшидаги болаларни ривожлантирувчи ўйинлар ва экологик тоза ўйинчоқлар, ўқув-методик ва мультимедиа қўлланмаларини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ қилишга эътибор қаратилади. Kun.uz мухбири болаларнинг эрта ривожланишига инновацион ёндашувга оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун мактабгача таълимга бағишланган I Ўзбекистон-Хитой форуми доирасида шу ҳақида хабар берди.

"Бугунга келиб таълим давлат ва фуқаролик жамиятини ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришдаги асосий ресурс сифатида эътироф этилган. Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати томонидан мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда", - деди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Фото: Аскар Якубов

Унинг таъкидлашича, Хитой Халқ Республикасида 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган 26 мингдан ортиқ мактабгача таълим муассасаси фаолият юритади. 2018 йил якунларига кўра, мактабгача таълим тизимига болалар қамрови 81,7 фоизни ташкил этади.

"Хитойда мактабгача таълим тизимида асосан болаларни ривожлантирувчи ўйинлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўйинчоқларидан фойдаланилади", - деди вазир.

Агриппина Шин Ўзбекистонда ХХР тажрибасини қўллаш мактабгача таълим сифатини ошириш, болаларни МТМларга қамраб олиш кўламини кенгайтириш, ўқув-методик ва дидактик материаллар сифатини яхшилаш йўлида хизмат қилишига умид билдирди.

Форум доирасида вазирлик ва идоралар вакиллари маълум бир лойиҳаларга эришиш мақсадида Хитой компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказишди. Уларда Ўзбекистон-Хитой қўшма корхоналарини ташкил этиш, болаларни эрта ривожлантирувчи интеллектуал ўйинчоқлар ишлаб чиқариш, шу билан бирга, кадрлар малакасини Хитойда ошириш, стипендиялар дастури ҳамда илмий унвонларни жорий этишда Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Бундан ташқари, Хитой компаниялари ўзларининг мактабгача таълим тизими вакилларини қизиқтириши мумкин бўлган маҳсулотларини намойиш қилишди.

Фото: Аскар Якубов

Форум доирасидаги музокаралар якунига кўра, Мактабгача таълим Вазирлиги қошидаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази ва Хитойнинг қатор компаниялари - Shanghai Andersen Paradise Group Co.,Ltd, Zhejiang Hexin Toys Group, Kaiqi Group Co.,Ltd, Ningbo Rainbow Toys Co.,Ltd и Xiaomi HK Limited ўртасида Англашув меморандумлари имзоланди. Бу ишлаб чиқарувчилар ёғочдан ишланган ўйинчоқлар, пластик, темирли инвентарлар, ривожлантирувчи ўйинлар, ўйин жиҳозлари, болалар ўйин майдончалари, мебель, ўқув мультимедиа қўлланмалари каби маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Ушбу маҳсулотлар Хитойнинг нафақат ички бозорида, балки Шимолий Америка мамлакатлари, Европа, Япония ва Австралия каби мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.