Содиқ Сафоев: «Мақсадимиз коррупцияни таг-томири билан йўқотиш»

Содиқ Сафоев: «Мақсадимиз коррупцияни таг-томири билан йўқотиш»


23 май куни Ўзбекистон ва Германия ҳуқуқшунослари иштирокида юридик форум ўтказилди. Тадбирда Олий мажлис сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфольд, Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Конрад Аденауэр марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Томас Кунце иштирок этишди.


Форум мавзуси «Ўзбекистон ва Германия конституциявий тараққиётининг тенденциялари» бўлгани туфайли икки давлат ҳуқуқшунослари томонидан конституциялар ўртасидаги умумий ва фарқли жиҳатлар тилга олинди.

Тадбирнинг кириш қисмида нутқ сўзлаган Акмал Саидов йиғилганларга германиялик ва ўзбекистонлик мутахассисларни таништирди. Тадбирда Германия давлатчилиги тарихида муҳим сиёсий ўрин тутган Конрад Аденауэрнинг набираси Беттина Аденауэр қатнашаётгани ҳам алоҳида тилга олинди.

Содиқ Сафоев ҳам йиғилишда нутқ сўзлади.

«Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч руҳида ҳамкорлик олиб борилмоқда. Ташқи сиёсат концепциясига биноан Германия билан ҳамкорлик қилиш мамлакат дипломатиясининг устувор йўналиши сифатида белгиланади. Бугун онгли ишонч билан айтиш мумкинки, сўнгги икки йил мобайнида Ўзбекистон-Германия ўртасидаги муносабатлар деярли барча соҳаларда янги поғонага кўтарилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тобора юксалмоқда. Икки давлат парламенти ўртасидаги мулоқот қонун ижодкорлиги ва парламент назорати самарадорлигини ошириш борасида тажрибалар алмашинувида амалий натижалар бермоқда. Бугунги ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ва фаол фуқаролик жамиятига таянилган замонавий демократик ҳуқуқий давлат яратишдан иборат.

Бугунги парламент жамият ривожига чинакам таъсир этадиган ваколатларга эга. Янгиланаётган Ўзбекистон учун инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳаққоний демократик ислоҳотларни амалга ошириш энг муҳим вазифалардан бири саналади. Шу билан бирга, давлат шаффофлигига эришиш ва коррупцияни таг-томири билан йўқ қилиш бизнинг асосий вазифаларимиз қаторига киради. Германиянинг асосий қонунининг биринчи моддасида қайд этилганидек, «Инсон қадр-қиммати дахлсиздир, уни ҳурмат қилиш ва ҳимоясини таъминлаш давлат ҳокимиятининг мажбуриятидир» деган тамойил Ўзбекистонда шу даврда ҳаракатлар стратегиясининг негизини ташкил қилади. Германия билан ҳамкорликнинг устувор хусусияти шундаки, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши мамлакатимиз ҳукумати Германияда қўлланган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини самараларини татбиқ этиш билан боғланади», дея Содиқ Сафоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, йиғилишда Германия давлати ҳуқуқ илми мутахассисларидан Хемниц техника университети профессори Франк-Лотар Кролл ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Бахтиёр Мирбобоев нутқ сўзлади.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.