ЙҲХБ ходимлари тез орада ҳайдовчилар ва уларнинг машиналарини замонавий ускуналар ёрдамида текширишни бошлайдилар

ЙҲХБ ходимлари тез орада ҳайдовчилар ва уларнинг машиналарини замонавий ускуналар ёрдамида текширишни бошлайдилар


Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун тез орада газоанализаторлар, тутун ўлчовчи ускуналар, автотранспорт воситаси ойналарининг ёруғлик ўтказиш фоизини аниқловчи, шунингдек чиқариладиган нафасда этанол буғларининг концентрациясини таҳлил қилувчи ускуналардан фойдаланишни бошлашади.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ИИВдан 14 та “Автотест-01.02” газоанализаторлар ва 10 та тутун ўлчовчи “Мета-01 МП 0.1” ускуналарини қабул қилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

“Автотест-01.02” газоанализаторларидан фойдаланиш меъёрлари:

• СО-1% – катализаторлик транспорт воситалари (минимал айланишда)
• СО-3,5% – катализаторсиз транспорт воситалари (минимал айланишда)
Тутун ўлчайдиган “Мета-01 МП 0.1” ускунасини ишлатиш меъёрлари:

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

• Дизель ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли тутун миқдори – 40,0 % гача (минимал айланишда)
• Дизель ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли тутун миқдори – 15,0 % гача (максимал айланишда)

Агар ушбу ускуналардан ўлчанганда белгиланган меъёрдан ошиб кетганлик кузатилса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-2-моддасига (“Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш”) мувофиқ жарима солинади.

Ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёхуд фойдаланиш ман этиладиган даражада носозлиги бўлган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул билан бутланмаган, худди шунингдек ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шунингдек шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Автотранспорт воситалари ойналарнинг ёруғлик ўтказишини аниқловчи 35 та “Тоник” ускуналари қабул қилиниб, синовдан ўтказилди. Илгари ЙҲХБда бу каби ускуналар 3 та эди.
“Тоник” мосламасидан фойдаланиш маъёрлари:

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

1. Барча транспорт воситаларида олдинги, ён ва орқа ойналарнинг ёруғлик ўтказишлари 70%дан паст бўлмаслиги керак.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги 547-сон қарорига мувофиқ, автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги 5 фоиздан ҳамда орқа ён ойналарининг тусини 30 фоиздан кам бўлмаган даражада ўзгартирилишига рухсат берилган.

Бундан ташқари, енгил автотранспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини эни 14 см дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиздан кам бўлмаган полоса шаклида ўзгартиришга (қорайтириш) рухсат берилган.

Ёруғлик ўтказувчанликни рухсат берилган даражадан ортиқ ўзгартириш учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига мувофиқ (“Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш”) жавобгарлик кўзда тутилган.

Ойналари техник регламентга номувофиқ кўзгусимон ва (ёки) қорайтирилган транспорт воситаларидан фойдаланиш – ЭКИҲнинг бир баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий ундиришдан сўнг бир йил муддатида қайта содир этилса – энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Шунингдек 9 та “АКПЭ-01 МЕТА” мосламаси синовда ўтказилди. Бу чиқариладиган нафасдаги алкоголь концентрациясининг спектрофотометрик анализатори. АКПЭ-01 МЕТА – чиқариладиган нафасда этанол буғларининг концентрациясини таҳлил қилувчи мосламадир. Мослама йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишида давлат назорати тадбирларида қўлланилади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига (“Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш”) мувофиқ, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса – энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш – транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.