ДСҚ солиқчилар тадбиркорларни ободонлаштириш ишларига ҳомийлик қилиш учун мажбурлаётганини рад этди

ДСҚ солиқчилар тадбиркорларни ободонлаштириш ишларига ҳомийлик қилиш учун мажбурлаётганини рад этди


Давлат солиқ қўмитаси “Озодлик радиоси”даги танқидий материал юзасидан ўз муносабатини маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу нашр журналисти томонидан тайёрланган материалда Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳудуддаги айрим тадбиркорларни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги ободонлаштириш ишларига ҳомийлик қилиш учун мажбурлаётгани таъкидланган. Яккабоғ тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари суҳбатлашишдан бош тортгани келтириб ўтилган.

Билдирилишича, Давлат солиқ қўмитаси Яккабоғ тумани давлат солиқ инспекциясининг тадбиркорларни ҳомийликка мажбурланаётгани бўйича вазиятни зудлик билан ўрганиб чиққан.

Давлат солиқ қўмитаси ва барча ҳудудий бошқармалар томонидан аҳолини, шу жумладан, тадбиркорларни Фориш тумани қиёфасини замонавий кўринишга келтириш бўйича ҳомийликка мажбурий жалб қилиш юзасидан ҳеч қандай оғзаки ва ёзма кўрсатма берилмаган.

Яккабоғ тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Аслиддин Рустамовдан нашр мухбири қўнғироқ қилганда нима учун жавоб беришдан бош тортганлиги сўралганда, айнан ўша вақтда у тоғли ҳудудда ўтказилаётган тадбирда иштирок этаётгани ва алоқа сифати яхши бўлмаганлиги учун жавоб бера олмагани сабаб қилиб кўрсатилди.

Шунга қарамасдан, инспекция раҳбари Аслиддин Рустамов оммавий ахборот воситаларининг мурожаатига тезкорлик билан муносабат билдирмаганлиги боис, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан унга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шу билан бирга, жойлардаги барча ҳудудий давлат солиқ инспекциялари раҳбарлари оммавий ахборот воситаларининг ҳар бир мурожаатига тезкор ва тўлақонли ахборот тақдим этишларига масъул эканликлари яна бир бор кўрсатиб ўтилди, дейилади хабарда.

Давлат солиқ қўмитаси “Озодлик” радиосига бундай ҳолатни олдини олишга амалий ёрдам берганлиги учун миннатдорчилик билдирган.

“Ҳурматли солиқ тўловчилар! Агар солиқ хизмати органлари томонидан ҳомийликка мажбурлаш ҳолатларига дуч келсангиз, у ҳолда Давлат солиқ қўмитасининг (71) 244-98-98 рақамли ишонч телефонига ҳамда ДСҚ матбуот хизматининг (71) 244-97-54 телефон рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, - дейилади ДСҚ матбуот хизмати хабарида.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.