Akfa Lighting раддия берди: «Корхонамиз автомобил фаралари учун чироқлар ишлаб чиқармайди»

Akfa Lighting раддия берди: «Корхонамиз автомобил фаралари учун чироқлар ишлаб чиқармайди»


AKFA Lighting кенг тармоқли энергия тежамли лампалар ишлаб чиқарувчи компанияси ОАВда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Хабарларда йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш – ҳайдовчилар кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришини талаб қилувчи қоида жорий этилиши билан бир вақтда AKFA Lighting компанияси ҳам автомобиль чироқларини эҳтиёт қисмлар бозорига олиб киргани ҳақида айтилганди.

«2019 йилнинг 21 май куни турли сайтлар ҳамда телеграмдаги каналларда, шу жумладан, www.uza.uz, www.daryo.uz, www.upl.uz, www.hordiq.uz каби манбаларда Вазирлар Маҳкамасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори асосида (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил, 19 майдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 377-сон қарори) гўёки «AKFA Lighting» корхонаси янги маҳсулот – автомобил фаралари учун чироқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани ҳақидаги ёлғон ахборот тарқатила бошланди.


Шуни расман маълум қиламизки, мазкур маълумот ёлғон ва провокацион хусусиятга эга. Корхонамиз автомобил фаралари учун чироқларни тайёрламайди ва бугунги кунда уларни ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилмаган.

Маълумки, қатор онлайн нашрларда кенг ёйилган туҳмат шаклидаги хабарлар учун қонунчилигимизда энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 60 бараваригача миқдоридаги жарималар кўзда тутилган (Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги» Кодекси, 40-модда).

Қўшимча тарзда шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоизки, юқоридагича хабарни тарқатган нашрларнинг бирортаси маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш учун бизга мурожаат билан чиқмаган.


Ҳурматли истеъмолчилар, огоҳ бўлинг. Ишонарсиз, текширилмаган маълумотлар ва уларнинг манбаларига ишонмасликни сўраб қоламиз. Корхонамиз мулоқот учун доимо очиқ. Барча турдаги ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз дўконларда мавжуд. Керакли маълумотлар билан эса расмий сайтимиз – www.akfalighting.uz да танишишингиз мумкин.

Бундан ташқари, +99878 1504488 рақамлари орқали алоқа марказимизга қўнғироқ қилиб, тақдим этаётган маҳсулотларимиз тўғрисида ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб олишингиз мумкин. Светодиодли чироқлар ва панеллар Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 2-уй манзилида ишлаб чиқарилади. Чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича маълумотларни ҳам айнан шу ерда билиб олишингиз имконияти бор.


Шунингдек, корхонамиз ОАВ вакиллари учун заводимизга экскурсия уюштириши мумкинлигини ҳам маълум қиламиз», дейилади раддияда.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.