Чемпионликни нишонлаган «Ювентус», тарихий натижага яқинлашган «Аталанта», Аллегрининг кетиши ва Италияда турнинг бошқа воқеалари

Чемпионликни нишонлаган «Ювентус», тарихий натижага яқинлашган «Аталанта», Аллегрининг кетиши ва Италияда турнинг бошқа воқеалари


Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 37-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» ЧЕМПИОНЛИКНИ НИШОНЛАГАН ЎЙИНИДА «АТАЛАНТА» ҚАРШИЛИГИНИ СИНДИРА ОЛМАДИ

«Ювентус» ўз майдонида мавсумдаги сўнгги ўйинни ўтказди. Шу сабабли, туринликлар беллашувдан кейин чемпионликни мухлислар олдида нишонлашга қарор қилишди.

Рақибнинг «Аталанта» экани ўйинга қўшимча жозибани бағишлади. «Ювентус» бу мавсумда бергамоликлар билан сафарда дуранг ўйнаган, Италия Кубогида эса йирик ҳисобда ютқазиб, мусобақани тарк этганди. Шу сабабли, туринликлар рақибдан ўч олишни ҳам мақсад қилишганди. Аммо «Аталанта»нинг режаси бошқача эди. Жамоа ўз тарихида илк маротаба Чемпионлар Лигасига чиқишга яқин турибди, бу эса футболчиларга қўшимча куч ва иштиёқ берди.

Биринчи бўлимда «Аталанта» устунлиги сезилиб турди. Улар хавфли вазиятларни рақибга нисбатан кўпроқ яратишди. 33-дақиқада эса ҳисоб очилди. Бурчак зарбаси амалга оширилганидан сўнг, Иличич жарима майдони ичида ҳимоячилардан чаққонроқ ҳаракат қилиб, Шченсни дарвозасини ишғол қилди.


Иккинчи бўлимда Аллегри ҳимоячиларни захирага олиб, Бернардески, Манжукич ва Кенни майдонга туширди. Натижада, «Ювентус» босимни ошириб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. 80-дақиқада Куадрадонинг жарима майдонига етказган тўпини Манжукич яқин масофа ва ўткир бурчак остидан дарвозага йўллади.

1:1 ҳисобида якунланган ўйиндан кейин «Ювентус» чемпионлик унвонини тантанали нишонлаш маросимини ўтказди. «Аталанта» ҳам дурангни «тантана қилди» десак ҳам бўлади. Бу натижадан сўнг бергамоликлар 66 очко билан мусобақа жадвалида 3-ўринни эгаллаб туришибди ва ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имкониятини сақлаб қолишди.

Ювентус – Аталанта 1:1 (0:1, 1:0)
19 май, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 0:1 – 33 Иличич, 1:1 – 80 Манжукич.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бардзальи (Манжукич, 61), Бонуччи, Алекс Сандро (Бернардески, 46), Куадрадо, Жан, Пьянич, Матюиди (Кин, 85), Дибала, Роналду.
Аталанта – Голлини, Хатебур, Гимшити, Масьелло, Кастань, де Рон, Фройлер, Госенс (Манчини, 62), Гомес (Пашалич, 74), Иличич (Барроу, 78), Сапата.
Огоҳлантиришлар: Алекс Сандро (14), Хатебур (28), Роналду (45), Матюиди (70).
Четлатиш: Бернардески (90).

«НАПОЛИ» КУТИЛМАГАНДА «ИНТЕР»НИ ТОР-МОР ЭТДИ

«Наполи» ўзи учун ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда Чемпионлар Лигасига интилаётган ва иштиёқи баланд бўлган «Интер» билан беллашди. Бироқ, неаполликларнинг рақибга очко бериш нияти йўқ эди. «Наполи» ҳар томонлама «Интер»дан устунлик қилди ва ҳимоячиларнинг хатоларини голлар билан жазолаб, 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди.

16-дақиқада Зелиньски узоқ масофадан кучли ва аниқ зарба йўллаб, чиройли гол урди. 61-дақиқада Мертенс жарима майдонига етказилган тўпни боши билан дарвозага киритди. 71 ва 78-дақиқаларда Руис ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Ўйин охирида Икарди пенальтидан гол уриб, фарқни бироз қисқартирди.


Бу натижадан сўнг, «Наполи» 79 очко билан 2-ўринда, «Интер» эса 66 очко билан 4-ўринда бормоқда. «Нерадзурри» Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи бу ўринни сақлаб қолиш учун сўнгги турда ўз майдонида «Эмполи»ни мағлуб этиши кифоя.

Наполи – Интер 4:1 (1:0, 3:1)
19 май, «Сан-Паоло» стадиони
Голлар: 1:0 – 16 Зелиньски, 2:0 – 61 Мертенс, 3:0 – 71 Фабиан Руис, 4:0 – 78 Фабиан Руис, 4:1 – 81, пенальти Икарди.
Наполи – Карнезис, Малькюи, Альбиоль, Кулибали (Луперто, 84), Ғулом, Кальехон, Аллан, Зелиньски, Фабиан Руис, Милик (Инсинье, 76), Мертенс (Юнус, 80).
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, Миранда, Шкриньяр, Асамоа, Гальярдини (Весино, 58), Брозович, Политано (Икарди, 46), Наингголан, Перишич (Кандрева, 79), Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Кулибали (9), Наингголан (48), Аллан (49), Ғулом (90).

ЕВРОКУБОКЛАРДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ЖАМОАЛАРНИНГ БАРЧАСИ МАЪЛУМ БЎЛДИ

Сўнгги тур олдидан Италия шарафини еврокубокларда ҳимоя қиладиган жамоалар номи маълум бўлди.

«Торино» сафарда «Эмполи» билан ўйнади ва кутилмаганда йирик ҳисобда ютқазди. Лигада қолиш учун курашаётган мезбонлар жуда катта иштиёқ билан ўйнаб, рақибни 4:1 ҳисобида мағлуб этишди. Натижада, «Торино» келаси мавсумда еврокубокда ўйнаш имкониятини бой берди.


«Рома» сафарда «Сассуоло» билан 0:0 ҳисобини қайд қилди. «Милан» ўз майдонида аутсайдер «Фрозиноне»ни 2:0 ҳисобида енгди. Бу натижалардан сўнг, «Рома» ва «Милан»нинг келаси мавсумда камида Европа Лигасида тўп тепиши ойдинлашди. Аммо жамоалар Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини ҳам сақлаб туришибди. Аввалроқ, «Лацио» Италия Кубогида ғалаба қозониб, Европа Лигасига чиққан эди.

5ТА КЛУБ ЛИГАДА ЖОН САҚЛАБ ҚОЛИШ УЧУН КУРАШАДИ

А Сериядаги ўрнини сақлаб қолиш учун кураш ҳам қизғин кечмоқда. Аввалроқ лигани «Кьево» ва «Фрозиноне» клублари тарк этган эди. Айни пайтда «Болонья», «Фиорентина», «Удинезе», «Эмполи» ва «Женоа» клублари В Серияга равона бўлиш хавфи остида туришибди.

Ҳозирда 17-ўринни 37 очко билан «Женоа» эгаллаб турибди. Бу турда генуяликлар ўз майдонида «Кальяри» билан 1:1 ҳисобини қайд этишди. Сўнгги турда эса сафарда «Фиорентина» меҳмони бўлишади. Флоренцияликларнинг ҳам аҳволи яхши эмас, жамоа февраль ойидан бери ғалаба нималигини билмаяпти. Демак лигани тарк этадиган жамоа номи айнан шу ўйинда аниқланса ажаб эмас.

37-ТУР ЎЙИНЛАРИ

18 май

Удинезе – СПАЛ 3:2 (3:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 5 Самир, 2:0 – 31 Окака Чука, 3:0 – 35 Окака Чука, 3:1 – 53 Петанья, 3:2 – 59 Валоти.

Женоа – Кальяри 1:1 (0:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 40 Паволетти, 1:1 – 89, пенальти Кришито.
Четлатиш: Пеццелла (90, Женоа).

Сассуоло – Рома 0:0

19 май

Милан – Фрозиноне 2:0 (0:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 57 Пионтек, 2:0 – 66 Сусо.

Наполи – Интер 4:1 (1:0, 3:1)
Голлар: 1:0 – 16 Зелиньски, 2:0 – 61 Мертенс, 3:0 – 71 Фабиан Руис, 4:0 – 78 Фабиан Руис, 4:1 – 81, пенальти Икарди.

Ювентус – Аталанта 1:1 (0:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 33 Иличич, 1:1 – 80 Манжукич.
Четлатиш: Бернардески (90, Ювентус).

Кьево – Сампдория 0:0
Четлатиш: Барба (40, Кьево).

Эмполи – Торино 4:1 (1:0, 3:1)
Голлар: 1:0 – 27 Аккуа, 1:1 – 56 Яго Фальке, 2:1 – 65 Бриги, 3:1 – 70 Ди Лоренцо, 4:1 – 88 Капуто.

Парма – Фиорентина 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 80, автогол Жерсон.

20 май
Лацио – Болонья

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ


А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ

26 - Фабио Куальярелла (Сампдория, 9 пен)
23 - Кшиштоф Пёнтек (Милан, 2)
22 - Дуван Сапата (Аталанта, 1)
21 - Криштиану Роналду (Ювентус, 5)
17 - Аркадиуш Милик (Наполи)
16 - Андреа Петанья (СПАЛ, 6), Франческо Капуто (Эмполи, 3)
15 - Андреа Белотти (Торино, 5), Леонардо Паволетти (Кальяри), Дрис Мертенс (Наполи, 1)

38-ТУР ЎЙИНЛАРИ

26 май
Аталанта - Сассуоло
Болонья - Наполи
Интер - Эмполи
Кальяри - Удинезе
Рома - Парма
Сампдория - Ювентус
СПАЛ - Милан
Торино - Лацио
Фиорентина - Женоа
Фрозиноне - Кьево

МАССИМИЛИАНО АЛЛЕГРИ «ЮВЕНТУС»НИ ТАРК ЭТАДИ

«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри мавсум якунланганидан сўнг, лавозимини тарк этади.

Football Italia хабарига кўра, 51 ёшли мутахассис клуб раҳбарияти билан музокара ўтказганидан сўнг, шундай қарорга келган.


Аллегри «Ювентус»ни 2014 йилдан бери бошқармоқда. Унинг шартномаси 2020 йил ёзига қадар мўлжалланган эди. Унинг қўл остида туринликлар 5 марта Италия чемпиони бўлишди ва 4 марта мамлакат Кубогини қўлга киритишди. Шунингдек, 2 марта Чемпионлар Лигаси финалида тўп тепишди.

Аллегри фаолиятини «Бавария», «ПСЖ», «Манчестер Юнайтед», «Тоттенҳэм» ёки «Галатасарой» клубларидан бирида давом эттириши мумкин.

РОНАЛДУ А СЕРИЯНИНГ ЭНГ ЯХШИ ФУТБОЛЧИСИ ДЕБ ТОПИЛДИ

«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду Италия чемпионатининг бу мавсумдаги энг яхши футболчиси деб топилди, деб хабар беради Football Italia.


Шунингдек, у билан бирга дарвозабон Самир Ҳанданович («Интер»), ҳимоячи Калиду Кулибали («Наполи»), яримҳимоячи Сергей Милинкович-Савич («Лацио»), яримҳимоячи Николо Дзаньоло («Рома») ва ҳужумчи Фабио Куальярелла ҳам мавсумнинг энг яхшилари қаторига киритилди.

Роналду 2018 йил ёзида «Ювентус»га ўтган эди. Бу мавсумда футболчи А Серияда 31та ўйинда майдонга тушиб, 21та гол урган ва 11та голга ҳаммуаллифлик қилган.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.