Самарқандда бир оиланинг 5 нафар аъзоси жасади топилди. Бош прокурор ишни алоҳида назоратига олди

Самарқандда бир оиланинг 5 нафар аъзоси жасади топилди. Бош прокурор ишни алоҳида назоратига олди


Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида яшовчи аҳоли вакиллари ҳуқуқ-тартибот идораларига туман ҳудудида беш кишининг ваҳшийларча ўлдирилган жасадлари топилгани ҳақида хабар берган.

Kun.uz манбаларининг хабар қилишича, ўлдирилганларнинг барчаси бир оила аъзолари бўлиб – эр-хотин, уларнинг икки ўғли ва қизи Иштихон туманининг «Чимқўрғон» маҳалласида истиқомат қилиб келишган. Мазкур оилани таниганлар улар майиз савдоси билан шуғулланиб келишганини маълум қилишмоқда. Воқеа гувоҳлари уларнинг барчаси бошига тумтоқ ва оғир предмет билан уриб ўлдирилганини айтишмоқда.

Қотиллик айнан қаерда ва ким ёки кимлар томонидан содир этилгани ҳозирча маълум эмас. Жасадлар Қўшработ туманининг Боқи қишлоғи яқинидаги овлоқ жойда «Дамас» автомашинаси ичига қолдириб кетилган.

Kun.uz мухбири хабар қилишича, қотилликни иссиқ изидан очиш учун Иштихон туманида ИИБ ва прокуратура тезкор ходимларидан иборат штаб ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати мазкур ҳодиса ҳақида маълумот берди.

«15.05.2019 йил соат 13:00 ларда Қўшработ тумани «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонидан «Дамас» русумли автомашина ўрта ва орқа ўриндиқларида Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшаган, фермер хўжалиги ишчиси А.Х. (1969 й.т.), унинг турмуш ўртоғи, уй бекаси З.Х. (1974 й.т.), ўғиллари Ж.И. (1998 й.т.), А.И. (2002 й.т.) ва О.И. (2004 й.т.)ларнинг мурдалари, ҳар бирининг бош ва юз соҳаларида оғир тан жароҳатлари, яъни қотиллик аломатлари билан топилган.

Воқеа жойига зудлик билан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Бош прокуратура Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишди.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Иштихон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур мудҳиш жиноятни фош этиш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари тун-у кун амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тергов бориши устидан Бош прокурорнинг алоҳида назорати ўрнатилган.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.