Оқдарёда йиллар давомида қаровсиз ётган боғчада бир кунда таъмирлаш бошланди. Нега?

Оқдарёда йиллар давомида қаровсиз ётган боғчада бир кунда таъмирлаш бошланди. Нега?


Интернетда Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги мактабгача таълим муассасалари ҳақида маълумотлар тарқалди. Хусусан, тумандаги 14-сон МТМнинг авария ҳолатига келиб қолгани, ҳароб санитар ҳолатда экани айтилганди.

15 май куни ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мазкур таълим муассасасига бордик. Матбуотнинг тезкор таъсирини Оқдарёда кўзимиз билан кўрдик, чунки бир кун олдин тарқалган хабарлардан сўнг у ерда ишчи гуруҳ фаолият бошлаганди.


Масаланинг иккинчи томони шундаки, бу ерда бутун бошли таъмирлаш гуруҳи ишлаётгани аҳвол ҳақиқатдан ҳам хароб бўлганини англатади.

Хўш, айни вақтда шиддат билан таъмирлаш ишлари кетаётган мазкур болалар маскани қандай қилиб шу аҳволга келиб қолган? Туман ҳокими ўринбосари, 3-сектор раҳбари ва туман мактабгача таълим муассасалари бўлим раҳбарининг ҳам шу ерда эканидан фойдаланиб вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

«Яшириб нима қилдик, ҳолат ҳақиқатдан ҳам яхши эмасди. Келинг, бошдан тушунтириб берай. Тизимимиз алоҳида вазирлик бўлиб ажралиб чиққан вақтда туманимизда 25та давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаси бор эди. Бир йил олдин ана шу 25та боғчадан 20таси таъмирталаб эди.

Ана шу МТМларнинг 8таси 2018 йил давомида таъмирдан чиқарилди. Бу йил эса яна 4таси. Яна 2та МТМ янгидан қурилди. Тан оламан, ҳозир 14-мактабгача таълим муассасасидан ташқари яна бир нечта муассасамиз таъмирга муҳтож. Агар эътибор шу тарзда бўлиб турса, тез орада туманда бирорта абгор ҳолатдаги боғча қолмайди», — дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Бахтигул Асророва.


Ўрганиш жараёнида яна бир ҳолат эътиборимизни тортди. Шундоққина 14-МТМ ҳудудида яхши шароитда сақланган 8 хонадан иборат бино турибди — аммо боғча балансида эмас экан.

Суриштириб билсак, шу маҳаллада жойлашган 6-умумтаълим мактаби боғча ҳудудидаги бу бинодан фойдаланаркан. Қизиқ ҳолат, 6-мактаб ўз биносига эга (дарслар бир сменада ташкил этилган), аммо хоналари хароб ҳолатга келиб қолган болалар боғчаси ҳудудидаги бинога эга чиққан. Ахир шу бинонинг МТМ балансига ўтказилиши муаммонинг ярмига ечим топади-ку?


Туман ҳокими ўринбосари Маъруф Саидмуродов шу ернинг ўзида қатъий хулосасини берди: «Ҳозироқ бу бино 14-МТМга бўшатиб берилади. Тегишли ҳужжатларни бугундан расмийлаштирамиз».

3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи Баҳодир Ибрагимов ҳам боғча таъмири бўйича муносабатини билдирди: «Кўриб турганингиздай, боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Сектор раҳбари сифатида бу ишларни шахсан назорат қилиб боряпман. Яна бир томондан, шу бугун тумандаги йирик корхоналардан бирини ана шу боғча учун ҳомийлик ишларига тарғиб қилиш розилигини олдик. Болалар боғчаси бир неча кунда чиройли масканга айланишига улар ҳам ҳисса қўшмоқчи бўлишди».

Нима бўлганда ҳам болалар боғчасининг узоқ йил эътибордан четда қолгани қанчалик эътирозли бўлса, бир кунда муносабатнинг шу қадар ўзгариши шунчалик эътиборли бўлди...

P.S. Дарвоқе, тумандаги 3-МТМ ҳақида ҳам салбий маълумот тарқалиб «бунисидан қолишмайди», деб иддао қилинганди. Аммо қуйида суратлари келтирилган муассасада шароитлар ёмон эмасди.




Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.