Монополияга қарши курашиш қўмитаси: GM Uzbekistan тутган позицияси унинг корпоратив маданиятига нисбатан бир қанча саволларни юзага келтирмоқда

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси GM Uzbekistan томонидан 2018 йилда сотилган 6,5 мингдан ортиқ Nexia-3 (2-позиция) автомобиллари комплектациясида туманга қарши олд фаралар охиригача етказиб берилмаганини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди. Юзага келган вазият бўйича монопол мавқега эга компаниянинг тутган позицияси, унинг корпоратив маданияти ва қадриятларига нисбатан бир қанча саволларни юзага келтирмоқда, дея ёзади қўмита матбуот хизмати.


Фото: Қўмита матбуот хизмати

Маълумки, автомобиль ишлаб чиқариш индустриясида фаолият юритаётган глобал компаниялар одатда камчиликлар аниқланганда сотувга чиқарилган автомобилларни оммавий тарзда қайтариб олади ва зудлик билан нуқсонларни бартараф этади. Энг асосийси, уларнинг бизнес юритиш анъаналарига кўра улар истеъмолчилар ва мижозлардан ошкора оммавий тарзда узр сўрайди (мисол учун, Toyota, Volkswagen ва бошқа компаниялар). Бу эса, ушбу компанияларда юқори корпоратив маданият, бизнес этикаси ва ижтимоий жавобгарлик стандартлари жорий этилганлигидан далолат беради.

Бироқ, GM Uzbekistan АЖни хатти-ҳаракатларида қуйидагини кузатиш мумкин:

Хусусан, комплектацияларида етишмовчиликлар мавжуд бўлган автомашиналар оммавий тарзда қайтариб олинмаган ёки етишмовчилик тўғрисида тегишли тартибда эълон қилинмаган, ушбу вазият бўйича кўп ҳолатларда истеъмолчиларга тегишли тарзда маълумотлар берилмаган, уларни бартараф этиш учун қулайликлар яратилмаган, масалан, Тошкент вилоятининг Бекобод (узоқлик – 150 км), Бўка (80 км.), Чирчиқ шаҳарларида (100 км) автомобиль харид қилган истеъмолчилар туманга қарши ёритгич ўрнатиш учун Чиноз туманига келишга мажбур бўлган, камчиликни бартараф этиш муддатлари чўзиб юборилган, алоҳида ҳолатларда 2018 йилнинг октябрь ойида сотиб олинган автомобилларга бугунги кунга (6 ой ўтган) қадар комплектацияни бутлаш иши амалга оширилмаган.

Юқорида келтирилган ҳолатлар, бозорда муайян хўжалик юритувчининг монопол мавқеи вужудга келиши унинг истеъмолчилар олдидаги маъсулияти пасайишини келтириб чиқаришига яна бир бор далил бўлмоқда.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.