Янги Зеландиянинг юқори мартабали полициячиси терактдан сўнг кўз ёшини яширмади

Янги Зеландиянинг юқори мартабали полициячиси терактдан сўнг кўз ёшини яширмади


75 ёшли Янги Зеландия полициясининг юқори мартабали ходими Ноила Ҳассан Крайстчерчда юз берган теракт оқибатида ҳалок бўлган мусулмонларни хотирлаб, кўз ёшларини яширмади. 2018 йилда ўзининг мусулмон эканини оммавий эълон қилган полициячи Окленд шаҳри марказидаги майдонда йиғилган оломон қаршисида “мусулмон ва Янги Зеландия полицияси етакчиларидан бири” эканлигидан фахрланиши яна бир марта такрорлади.

15 март куни бир гуруҳ террорчилар Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида содир этилган терактда 4 нафар қуролланган шахс масжид ичига кириб, у ердаги одамларга қарата ўқ узган. Оқибатда 50 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, "Ан-Нур" ва "Линвуд" масжидларида жума намозидан сўнг, намозхонларнинг ўққа тутилиши оқибатида 49 киши яраланган.

Воқеадан икки кун ўтиб, мусулмон полициячи Ноила Ҳассан омма олдида нутқ ирод этди. У сўзларини Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга санолар айтиш билан бошлаган.


"Мен жамоатимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга солишимизни билдирмоқчиман. Биламан, бу мусулмон жамоати учун оғир, айни пайтда барча учун қайғули пайт", - дейди у.

Ҳассаннинг таъкидлашича, масжидлар атрофида нозирлар сони кўпайтирилган. Ундан сўнг нутқ қилган маҳаллий мусулмонлар жамоати етакчиси полиция томонидан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирган.

Бу воқеага Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳам муносабат билдириб, 17 март куни мамлакатнинг барча масжидларида терактда ҳалок бўлган ҳаққига Қуръон карим тиловати ва дуолар қилишни тавсия этган.

"Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолари, дин ва давлат арбоблари ушбу уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирмоқда”, – дейилади муфтийнинг мурожаатида.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.