Тожикистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали мулоқотда чегарада юзага келган вазиятни муҳокама қилишди

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали мулоқотда чегарада юзага келган вазиятни муҳокама қилишди


Бугун Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари тожик-қирғиз муносабатлари масалаларини муҳокама қилишган ва 13 март куни икки давлат чегарасида юзага келган вазиятга алоҳида эътибор қаратишган.

"Президентлар тегишли органларга инсонлар қурбон бўлишига олиб келган воқеа бўйича жиддий текширув ўтказиш ҳамда низони музокара йўли билан ҳал қилиш юзасидан топшириқ беришга келишиб олдилар", - дейилади Тожикистон президенти сайтида.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, Сооронбай Жээнбеков ва Эмомали Раҳмон холис текширув ўтказиш ва келгусида бундай воқеалар содир бўлишига йўл қўймаслик учун қўшма комиссия тузиш зарурлигини қайд этишган.

"Президентлар асрий яхши қўшничилик муносабатларига эга икки давлат халқлари фақатгина тинч ва аҳил яшаши керак деган якдил фикрни билдиришди", - дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси расмий баёнотида айтилишича, 13 март куни Қирғизистон томони ўзаро келишувларга қарамай, Ворух жамоатида можарога сабаб бўлган «Кўктош-Оқсой-Тамдик» йўли қурилишини бошлаган.

Баёнотга кўра, Қирғизистон томони аҳолига қарши ўқотар қуроллардан фойдаланган ва 30 нафар тожикистонликни гаровга олган.

Гаровдагиларнинг тақдири ҳақида баёнотда ҳеч нарса дейилмаган, бироқ «АП»нинг Ворух аҳолисига асосан хабар беришича, улар Қирғизистон фуқароси билан алмаштирилган.

Шунингдек, Тожикистон МХДҚ ўз баёнотида 43 ёшли Ҳусайн Ҳакимов ҳалок бўлганини билдирган.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.