Андижондаги “унутилган” маҳалла аҳолиси қандай кун кечиряпти ёҳуд “Маҳалламиз номини ўзгартириб беришсин!”

Андижондаги “унутилган” маҳалла аҳолиси қандай кун кечиряпти ёҳуд “Маҳалламиз номини ўзгартириб беришсин!”


Вилоят марказидан бор-йўғи 15 километр йўл босиб худди 100 йил ортга мозийга қайтгандек бўлдик.

Андижон вилояти, Андижон тумани, Отчопар МФЙ, Боғи Эрам маҳалласидан тушган мурожаатни ўргангани бориб зўр “кашфиётлар” гувоҳи бўлганимиз рост. “Боғи Эрам”га автомашинада “йўл излаб” бориш осон кечмади. 15 километр ўнқир-чўнқир сўқмоқни босиб ўтиб, мазкур йўлни охирги 30 йилда ҳеч ким таъмирлаш кераклиги ҳақида бош қотирмаганини сезасиз.

Адирлар тепасида жойлашган Боғи Эрам қишлоғидаги ҳолат бизни бутунлай ҳайрон қолдирди.




Ҳолат маҳалла аҳли ўз мурожаатида келтирганича бор экан. 100дан ортиқ хонадонда 600 нафарга яқин аҳоли яшайдиган ҳудудда муаммолар “болалаб” кетган. “Улардан энг каттаси ҳокимлик органлари томонидан ушбу ҳудудга бўлган эътиборсизлик”, десам ростини айтган бўламиз.

Бундай дейишнинг асл сабабига эса мақоламиз сўнгида тўхталамиз.

Тасаввур қилинг, 100дан зиёд хонадон охирги 30 йил давомида ичимлик суви ва ишсизлик муаммолари гирдобида яшамоқда.

Шу пайтгача бирор оммавий ахборот воситаси қишлоққа қадам босмаган экан. Бизни келганимизни билгач, хонадон эгалари кўчага оқиб чиқа бошлади. Уларнинг дардларини тинглаш эса жуда оғир кечди.


Ихтиро”ми ёки чорасизлик?

Кўча айланиб, бизни ҳайрон қолдиргани томларнинг тарнови остига ўрнатилган турли қурилмалар бўлди. Бунақасини ҳеч қаерда кўрмаган эдик... Уйларга кирсак ҳам худди шундай ускуналар. Аҳоли вакиллари “ноёб қурилмалар” сирини аста-секинлик билан тушунтириб беришди.

Турли ўлчамдаги елим қувурлар тарнов орқали турли катталикдаги идишларга ёмғир сувини тўплаш учун уланган экан! Бир хонадонда шудгорда ётган бетон идишга томнинг турли қисмларидан беш-ўнта қувурлар келиб уланибди. Уй эгасига “Бу нима учун?” дея савол берамиз. У, “Ёмғир ёққанида мол-қўйларни суғоргани сув йиққани”, дея жавоб берди.






“Бу жойлар бир вақтда катта боғларга эга файзли жойлар эди. Ҳозир эса мана шу аҳвол. Ёшим 70дан ўтди. Ҳаммамиз илтимос қилганимизда паст маҳалладаги йигит икки кунда бир “Лабо” машинасида ичимлик суви олиб келади. Бир пақир сув бир ярим минг сўм. Ёмғир ёғса болаларни чўмилтириш ва кир ювгани сув келганига суюнамиз. Бу ҳолат қачонгача давом этади? Бизни ҳам ўйлайдиган раҳбарлар борми?” дейди Муҳаббатхон ая Сулаймонова.

Илтимослар билан келган машинадаги сув аҳоли ўртасида минг тўпалон билан тарқатилар экан. Сув келишини кутаётган маҳалла аҳлини кўриб таажжубга тушдик.


Маҳалланинг зиёли кишиси фахрий ўқитувчи Мукаррамхон опа Йўлдашева шундай дейди “Бир вақтлар, 2015 йилларда маҳаллага ичимлик суви тортиш учун маблағ ажратилганидан хабаримиз бўлганди. Афсуски, иш охирига етказилмади. Ҳар хонадонда икки-учтадан ёш болалар бор. Рўзғорга энг керакли бўлган ичимлик суви масаласи бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Наҳотки, бизни эсдан чиқариб юборишган бўлса?”

Қишлоқнинг биринчи даражали энг оғир муаммоси – ичимлик суви масаласи.



Маҳаллага сув олиб келиб учун Хирабек қишлоғи томонидан беш километр ерга қувур тортилган бўлиб, шу бўйи қолиб кетган.

Муаммолар жуда кўп

“Боғи Эрам” ҳудудида бир вақтлар Тешабой Мирзаев номли боғдорчилик савхози фаолият юритган. Аҳолининг айтишича, 80-90 йилларда бу ерда яшовчилар ёз ойлари ҳар куни ўнлаб юк машиналарини мева билан тўлдириш билан банд бўлган экан. Ҳамманинг иши тайин бўлиб, ариқларда, қувурларда сув оққан.


Ҳозир эса аҳвол жуда ачинарли. Совхоз тугатилгач, боғдорчилик ҳам боғлар ҳам йўқ бўлиб кетибди. Ҳудудда бир донагина ижтимоий соҳа объекти бор экан. У ҳам бўлса 50- умумий таълим мактаби. Бизни олдимизга чиққан ҳар бир киши қўли билан бола ушлаганига ҳайрон бўлгандик. Кейин билсак, боғча йўқлиги учун ҳамма бола етаклаб юрар экан.

Маҳалла кишилари бизни ночор хонадон томон етаклаб олиб боришди. Бир хонали таъмирланмаган, деворлари ҳам йўқ уйда Моҳинур Мамазоитова ва Шодмонов Тоҳиржонлар икки фарзандни тарбия қилишяпти. Хонадон эгасининг ногиронлиги бор бўлсада, ҳозир четга ишлагани кетган экан. “Эримнинг жўнатгани фақат қорнимиздан ошмаяпти. Туман ҳокимлигига кўп бора мурожаат қилдим. Фойдаси бўлмади. Ишлай десак, иш жойи йўқ”, дейди Моҳинур Мамазоитова.


Йўл ёқасида икки қаватли собиқ совхоз идораси нураб ётибди. Маҳалла учун бирор ишлаб чиқариш корхонаси қилиш туман мутасаддиларининг режасида ҳам йўқ бўлса керак.


Маҳалла номига яраша бўлармикин?

Аҳолининг “Келганингизнинг фойдаси бўлармикин?” деган саволига жавоб беришимиз қийин бўлди. Йигирманчи асрга келиб, бир пайтлар гуллаб-яшнаган боғдорчилик савхози ҳудудидаги маҳалланинг абгор ва ачинарли ҳолга келиб қолиши жуда ёмон ҳолат.

Мақола аввалида бир сўзни таъкидлаб кетган эдик. У ҳам бўлса- эътиборсизлик. Узоқ йиллар беътибор қолган маҳалладаги ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга кўмак бериш, иш жойларини яратиш учун энди жуда кўп сайи-ҳаракат керак бўлади.

90-йиллар совхоз тугатилганида мутасаддилар маҳаллага “Боғи Эрам” дея ном қўйишган экан. Афсонавий, эртакнамо барча мевали дарахтлар ўсадиган боғ номи. Андижон туманидаги “Боғи Эрам”да эса дарахтларга қуйиш, қўй-молларга бериш учун ҳам сувни пулга сотиб олишяпти.



Энг ёмони аҳолининг сув илинжида кўкдан ёмғир кутаётгани.

Вилоят ва туман мутасаддилари, сектор раҳбарларидан зудлик билан кўриладиган чораларни кутамиз.

P.S. Ҳа, айтгандай... Боғи Эрам маҳалласига эслатиш ёддан чиқибди? Қадимда аҳоли фалакдан ёмғир кутганида ушбу қўшиқни айтган: “Суз хотин, сузма хотин, Кўланкаси майдон хотин. Ёмғир ёғсин, ҳўл бўлсин...”

Ўз мухбиримиздан

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.