Анонс: «Реал» қаторасига тўртинчи чемпионлик сари ва Почеттинонинг навбатдаги имкони

Анонс: «Реал» қаторасига тўртинчи чемпионлик сари ва Почеттинонинг навбатдаги имкони


Бугун Амстердамда ва Лондонда Европа Чемпионлар лигасининг финалидан ўрин олган яна икки учрашув бўлиб ўтади.

Мадридга йўл


Душман майдонида Европа чемпионлигини нишонлашдан кўра тотлироқ нарса борми? «Реал» буни билади ва ҳамиша Испания Қироллиги футбол федерациясининг Испания Кубоги финалини «Сантяго Бернабеу»да ўтказиш бўйича сўровларини рад этиб келади. Ахир бу турнирда «Барселона» қатнашади ва ҳамиша финалда ўйнайди. Аммо Чемпионлар лигасида ҳал қилувчи баҳс учун майдонни ўзгартириш имконсиз ва 1 июнь куни Мадридда Европанинг иккита энг зўр клуби тўқнашиши шубҳасиз. Тўғри, ўйин «Реал» стадионида эмас, «Атлетико»нинг уй ўйингоҳи ҳисобланадиган «Ванда Метрополитано»да ўтказилади.

Бу ҳам «Қироллик клуби» учун ўзига хос чақириқ. Бу нафақат қаторасига тўртинчи бор ЕЧЛ ғолиби бўлиш истагини кучайтиради (Европадаги кўплаб гранд клублар ўз тарихида ҳали жами 4 бор чемпион бўлмаган). «Реал» эса аввал ҳам қаторасига тўрт марта Европанинг энг яхши клуби бўлганди, мадридликлар 1956 йилдан 1960 йилгача тўрт марта «қулоқли соврин»ни бошлари узра кўтаришган.

Плей-оффнинг биринчи босқичидаёқ «Реал»га у қадар кучли бўлмаган рақиб рўбару келди. Аммо Сантьяго Солари амстердамликларни мураккаб рақиб деб атамоқда, «Аякс» ва «Барселона»нинг собиқ устози Луи ван Гаал эса ўйиндан олдин ўзининг жонажон клуби манзилига илиқ фикрлар билдириб ўтди: «Бу «Аякс» худди 1995 йилдаги каби жуда кучли. Мен бу жамоа Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишини истардим, гарчи бундай гапга ҳали эрта бўлсада. Ўтган йилнинг кузида мен «Аякс» «Бавария»га муносиб рақиб бўлиши ҳақида айтганимда кўпчилик куланди, аммо амстердамликлар бу жамоага икки ўйинда ҳам ютқазмади».

Лекин ҳозирда «Аякс» қийин даврда. Биринчидан, нидерландлар йилни жуда кучсиз бошлашди (бир дуранг, икки мағлубият ва бир ғалаба). Иккинчидан, «Реал»да кўтарилиш даври (класикодаги кучли ўйин, Мадрид дербисидаги ғалаба ва ички чемпионатдаги ғалабали серия). Учинчидан, бугунги ўйинда амстердамликларнинг асосий етакчиларидан бири Френки де Йонг соғлигидаги муаммо туфайли иштирок эта олмаслиги мумкин. «Реал»да ҳам йўқотишлар бор, лекин Льоренте ва Иско асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас футболчилари эмас.

«Тоттенҳэм»нинг амбициялари


«Тоттенҳэм» - «Боруссия» Д
13 февраль. Лондон. «Уэмбли» стадиони. 23.00 (Тошкент вақти билан соат 01:00).
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
Йўқотишлар: Дэвис (жароҳат), Алли, Дайер, Кейн, Ламела, Роуз (барчаси сўроқ остида) - Алькасер, Вайгль, Пишчек, Ройс (барчаси - жароҳат), Аканжи (сўроқ остида).

«Шпорлар» кейинги йилларда Англияда «кучли тўртлик»нинг доимий аъзосига айланди. Аммо бу жамоанинг совринлар жавони ҳамон бўш қолмоқда. Футбол кишилари бу жамоанинг совринсизлиги устидан кулиб юришади.

«Шпорлар»га ютқазиш - энг ёмони. Ахир улар бу ўйинни ёзиб олиб, ўн йиллар давомида мақтаниб юришлари мумкин», дея ҳазиломуз фикр билдирганди собиқ футболчи Фрэнк Лэмпард бу ҳақда.

Яна бир машҳур жумла «МЮ»нинг собиқ устози сэр Алекс Фергюсонга тегишли. Клубнинг собиқ футболчиси Рой Кин «қизил иблислар»нинг «Тоттенҳэм»га қарши навбатдаги ўйини олдидан мураббий айтган уч сўзни эслайди: «Йигитлар, бу атиги «Тоттенҳэм».

Бу мавсумда «шпорлар» Англия Кубоги ва Англия Лигаси Кубогини тарк этиб бўлди. Аммо жамоа ҳали Англия чемпионатида ва ЕЧЛда бош соврин учун курашни давом эттирмоқда. Қайси бири мураккаброқ, билиш қийин. Ички чемпионатда «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» лондонликларни ортда қолдирмоқда, еврокубокда эса жамоа Дортмунднинг «Боруссия»си тўсиғидан ўтишига тўғри келади. Аммо Почеттино жамоаси айни вақтда икки асосий футболчиси - Ҳарри Кейн ва Деле Аллидан айрилган.

Аммо бу жамоа кутилмаганда Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиб қолса, барча улар ҳақида бутунлай бошқача фикрлар билдира бошлайди. Жамоани бешинчи мавсумдирки, муваффақият билан бошқараётган Маурисио Почеттино дортмундликларни яхши билади: 3 йил муқаддам «Тоттенҳэм» бу жамоага Европа Лигаси нимчорак финалида ютқазганди, ўтган мавсумда эса гуруҳ босқичида бу жамоалар ўзаро икки ўйин ўтказганди. Ўшанда лондонликлар гуруҳ босқичини ажойиб ўтказишган, 6 ўйинда атиги 2 очко йўқотилган, «Боруссия» икки ўйинда ҳам ютқазган, бўлажак чемпион «Реал» мағлубиятга учратилган ва гуруҳда биринчи ўрин қўлга киритилганди. Аммо ўтган мавсумда «шпорлар» плей-оффнинг илк босқичидаёқ «Ювентус»га дуч келиб, турнирни тарк этганди.

«Боруссия» ҳозирги ҳолатида «Тоттенҳэм»га тенг рақиб. Тўғри, немислар сафида ҳам йўқотишлар бор - жамоа сардори Ройс бугун ўйнай олмайди, суперзахира Алькасер, яримҳимоячи Вайгль ҳамда ҳимоячи Пишчек ҳам сафда эмас. Аммо бугун майдонда инглиз жавоҳири Жейдон Санчо бўлади. У ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ҳам иштирок этди: «Ўз она шаҳримда ЕЧЛ ўйинида иштирок этишимдан хурсандман. Ватандошларимда муаммолар бор: Кейн ва Алли ўйинга тайёр эмас. Лекин бошқаларнинг йўқотишлари аҳамиятсизроқми?».

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.