Статистика қўмитаси: бозорлардаги маҳсулотлар нархи кун давомида сезиларли даражада ўзгариши мумкин 

Статистика қўмитаси: бозорлардаги маҳсулотлар нархи кун давомида сезиларли даражада ўзгариши мумкин 


Сўнгги пайтларда Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинаётган статистик маълумотларга фойдаланувчилар томонидан билдирилаётган қизиқишлар тобора ортиб бормоқда, деб ёзади ЎзА.

Бироқ, Давлат статистика қўмитаси ахборот хизматига кўра, айрим ижтимоий тармоқлар ва электрон оммавий ахборот воситаларида қўмитанинг расмий чоп этилган маълумотларни нотўғри таҳлил қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

2019 йил бошидан Давлат статистика қўмитаси алоҳида 9 турдаги озиқ-овқат (мол гўшти, қўй гўшти, картошка, пиёз, сабзи, тухум, гуруч, ўсимлик ёғи ва шакар) маҳсулотларининг минимал-максимал нархлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиб бормоқда.

Ушбу маълумотлар танланма статистик тамойилларига асосланган ҳолда шакллантирилган савдо объектлари (марказий деҳқон бозорлар) кесимида амалга оширилади.

Минимал-максимал нарх маълумотларини шакллантиришдан кўзланган асосий мақсад, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг республика бўйича нархлар диапазонини аниқлашдан иборат. Бунинг натижасида шакллантирилган маълумотлар аниқ ҳудуд бўйича ўртача истеъмол нархларни ва унинг даражасини акс эттирмайди.

Мисол учун, 2019 йилнинг 25 январь ҳолатидаги 1 кг. суякли мол гўштининг минимал нархи 28000 сўмни ташкил этган ва ушбу нарх Нукус шаҳри (“Нукус деҳқон бозори”) ҳамда Тошкент шаҳри (“Олой деҳқон бозори”, “Фарҳод деҳқон бозори”, “Қўйлиқ деҳқон бозори”)да рўйхатга олинган.

Бу эса, қайд этилган ҳудудларда мол гўшти нархларининг энг арзонлигини билдирмайди. Ушбу ҳудудларда мол гўштларининг минимал нархларидан ташқари бирмунча юқори нархларда ҳам сотилиши мумкин. Худди шундай ҳолат гуруч нархларида ҳам қайд этилган бўлиб, гуручнинг навидан келиб чиқиб, нархлар орасидаги тафовут 5000 сўмдан 25000 сўмгачани ташкил этган.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, минимал ва максимал нархлар динамикаси аниқ турдаги товарнинг муайян нархларидаги ўзгаришини акс эттириши билан бир қаторда, ҳудудий ва товар турлари ўзгаришларини ҳам ўз ичига олади.

2019 йилнинг 25 январидан бошлаб, 1 литр ўсимлик ёғининг энг арзон нархи 8000 сўмни ташкил этган ва ушбу нарх Андижон шаҳрида рўйхатга олинган ("Янгибозор деҳқон бозори"). Аввалроқ эса, яъни, 2019 йилнинг 8 январь ҳолатига ушбу кўрсаткич 8300 сўмни ташкил этган ва Тошкент шаҳрида (“Қўйлиқ деҳқон бозори”) рўйхатга олинган эди. Агарда, нархлар ўзгаришини тўғридан-тўғри таҳлил қиладиган бўлсак, натижада нархлар даражасида пасайиш ҳолати кузатилган бўлар эди (8000 сўм – 8300 сўм =-300 сўм). Бу вазиятда нархларнинг ўзгариши динамикасига ҳудудий силжишлар таъсир этганлигини кўришимиз мумкин. (8 январь - Тошкент, 25 январь – Андижон шаҳар).

Бошқа бир мисол тариқасида нархлар ўзгаришини таҳлил қиладиган бўлсак, 2019 йил 4 январида тухумнинг минимал нархи Гулистон шаҳрида рўйхатга олинган бўлиб (10 донаси 4000 сўм), жорий йилнинг 25 январь ҳолатида эса Тошкент шаҳрида қайд этилган (10 донаси 3000 сўм). Агар, биз нархларни тўғридан-тўғри таққослайдиган бўлсак, натижада тухум нархларини 1000 сўмга ёки 25 %га арзонлаштирган бўламиз. Бироқ бу аввалги мисолда келтирилганидек, нархлар динамикаси ҳудудий ўзгаришлар таъсирида шаклланганлигини кўришимиз мумкин.

Шу сабабли, бундай нарх ўзгаришлари натижасида республикада ўсимлик ёғи ва тухум нархлари арзонлашди, дея эътироф этиб бўлмайди.

Шу билан бирга, деҳқон бозорларида сотилаётган маҳсулотлар нархлари кун давомида сезиларли даражадаги ўзгаришларга дуч келиши мумкин. Яъни, сифати тез бузиладиган маҳсулотлар нархлари кун охирига келиб куннинг биринчи ярмидаги нархларга нисбатан арзонлашади. Худди шундай ҳолат кун якунига келиб “қолдиқ” маҳсулотлар нархларида ҳам кузатилади (халқ тили билан айтганда “кечки бозор”).

Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳар ойда истеъмол нархлари индекси, республиканинг ички истеъмол секторида инфляция даражаси ва унга таъсир этувчи омиллар бўйича таҳлилий материаллар эълон қилиб борилади. Истеъмол нархлари кузатуви ва истеъмол нархлари индекси (ИНИ)ни ҳисоблашда фақатгина инфляцион омиллар инобатга олинади (ҳудудий, тузилмавий ва маҳсулотлар турларининг хилма-хиллиги бўйича силжишларини ҳисобга олмаган ҳолда).

Истеъмол нархлари ўзгаришига оид маълумотларни йиғишда халқаро стандартлар тавсияларига асосан, танлаб олинган ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида аниқ турдаги товар ва хизматлар нархларини солиштиришда муайян ўзгармас хусусиятларга, нархларни рўйхатга олишдаги даврийлик (ойнинг аниқ кунида) ва шу каби талаблар асосида амалга оширилиши керак. Шу сабабли, истеъмол нархлари индекси кўрсаткичлари мамлакат бўйича ҳам товарлар, ҳам хизматларнинг муайян турлари бўйича нархлар ўзгариши динамикаси кўрсаткичи сифатида эътироф этилиши мумкин.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.