Танзила Норбоева: «2019 йил барчамиз учун ҳал қилувчи йил бўлади»

Танзила Норбоева: «2019 йил барчамиз учун ҳал қилувчи йил бўлади»


Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларнинг нафақат оилада, балки мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлардаги фаол иштирокини таъминлаш 2019 йилдаги энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Kun.uz мухбири 16 январь куни Халқаро Пресс-клуб майдонида аёллар масаласига бағишланган сессия давомида Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Халқаро Пресс-клуб

Республика Хотин-қизлар қўмитаси раисининг қайд этишича, таълим, соғлиқни сақлаш каби тизимларда турли ижтимоий масалаларнинг йиғилиб қолганлиги оилалар, фарзандлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатган. Мана шу тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга жадал киришилган.

Энг аввало, эҳтиёжманд аёлларни уй-жой билан таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, уларнинг нотўғри йўлларга кириши олдини олиш борасидаги ишлар фаоллаштирилади.

"Умуман олганда, 2019 йил ҳаммамиз учун ҳал қилувчи йил бўлади. 2018 йилда барча тизимларни, яъни маҳалла, оила, ёшлар иттифоқи кабиларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш йили бўлган бўлса, 2019 йил шу ишларнинг натижасини кўра бошлайдиган давр ҳисобланади", - дейди Бош вазир ўринбосари.

Халқаро Пресс-клуб

Таъкидлаш жоизки, 2018 йил Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси фаол иш олиб борди, қўмита раиси Ўзбекистонда биринчи марта гендер тенглик, раҳбар аёллар каби долзарб масалаларни кўтарди, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар учун бутун республика бўйлаб махсус марказлар ташкил этилди, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқалари кучайтирилди. Шу билан бирга, қатор хорижий мамлакатлар экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда биринчи марта «Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Унда давлат бошқарувида аёлларнинг роли ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда гендер тенглигини таъминлашнинг аҳамияти, аёллар бандлиги ва тадбиркорлиги – оила мустаҳкамлиги кафолати, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш ва уларнинг саломатлигини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш масалалари чуқур муҳокама қилинди ва бу борада барча мамлакатлар вакиллари ўзаро фикр алмашишди.

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.