Ҳабиб Нурмагомедов: Путин телефон қилиб мени табриклади

Россиялик UFC жангчиси Ҳабиб Нурмагомедов ирландиялик Конор Макгрегор устидан қозонилган ғалаба ва жангдан сўнг юзага келган муштлашувга пресс-конференцияда изоҳ берди.



Фото: Getty Images

Невада комиссиясидан, Лас-Вегасдан узр сўрамоқчиман. Ўзимни яхши томондан кўрсата олмаганимни биламан. Нима учун ҳозир фақат мен қафасдан сакраб ўтиб, кимгадир ҳужум қилганим ҳақида гапиришаётганини тушунмаяпман. Аммо биз Макгрегорнинг нима қилгани ҳақида гаплашмаяпмиз. У мени диним, мамлакатим ва отамни ҳақорат қилди. У Бруклинда автобусга ҳужум қилди. У бир неча кишини ўлдириб қўяй деди. Бу ҳақда нима дейсиз?

Мен олдин ҳам бу ўйинни ўзгартирмоқчи эканлигимни айтганман. Одамлар рақиб, унинг отаси, дини ҳақида ҳар хил бемаъни гапларни айтишини истамайман. Дин ва миллат ҳақида гапириш мумкин эмас. Бу мен учун муҳим. Отам мени ғар доим ҳурмат сақлашга ўргатган. Уйга борганимда у мени таъзиримни беришини билиб турибман. Невада, кечир. Вегас, кечир. Мен енгилмас ва мутлақ чемпионман.

Бутун медиа Макгрегор Путин билан суратга тушгани ва бошқа нарсалар ҳақида гапирди. Путин ҳозиргина менга телефон қилди ва мен билан фахрланишини айтди. У «Сени табриклайман» деб айтди. Мен бу билан фахрланаман.

Ҳабиб Нурмагомедов, UFC жангчиси

Маълумот учун, Ҳабиб Конор билан жанг учун 2 миллион доллар миқдорида гонорар олиши белгиланганди. Аммо жангдан юзага келган жанжал текшируви тугагунча унга гонорар берилмайдиган бўлди. Конор эса ўзининг 3 миллион долларини муаммосиз қўлга киритиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вақти билан бугун тонгда ўтказилган жангда Ҳабиб Нурмагомедов тўртинчи раундда Конор Макгрегорни бўғиш усули билан ғалаба қозонди. Аммо жанг тугаши билан октагон ташқарисида ва октагон ичида жанжал юзага келди.

Манба: Daryo.uz

loading...

Copyright © 2019. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.